Украина ҳаво ҳужумига учради

Олам

image

Украина Киев, Днепр ва шарқий вилоятларга бир кеча-кундузда уюштирган ҳужумларда Россия томонидан учирилган 10 та ракета ва 20 дан ортиқ учувчисиз самолётларни уриб туширди. Бу ҳақда бугун, 26 май куни Украина расмийларига таяниб, “Reuters” хабар берди.

Маълум қилинишича, Украина ҳарбий-ҳаво кучлари кеча, 25 май куни соат 22:00 атрофида бошланган ҳужумлар давомида Каспий денгизидан учирилган 10 та ракетани, Эронда ишлаб чиқарилган 23 та Shahed дрони ва иккита разведка самолётини уриб туширган. Умумий ҳисобда Украинага 17 та ракета ва 31 та дрон учирилган. Ҳужум бугун, 26 май куни эрталаб соат 5:00 гача давом этган.

Шунингдек, бир нечта учувчисиз самолётлар ва бир нечта ракеталар Харьков ва Днепропетровск вилоятларидаги нишонларга зарба берган.

“Бу жуда оғир кеча эди. Шовқинли эди – душман ракеталар ва учувчисиз самолётлар билан минтақага оммавий ҳужум уюштирди. Днепр жабр кўрди”, дейди Днепропетровск вилояти губернатори Сергей Лисак Telegram-каналида. 

Лисакнинг айтишича, бир қанча уйлар, автомобиллар ва хусусий компаниялар, жумладан транспорт компанияси ва ёқилғи қуйиш шохобчаси зарар кўрган. Ёқилғи қуйиш шохобчаси ишчиси жабрланган.

Киев расмийлари эса савдо мажмуаси, хусусий уй ва бир нечта машинанинг томи шикастланганини маълум қилган.

Бундан ташқари, Харьков вилояти губернатори бир қанча хусусий уйлар ва саноат объектларига зарар етганини маълум қилган. Шунингдек, Харьков шаҳри чеккасида нефть омбори икки марта портлаши ортидан ёнғин келиб чиққан ва нефть маҳсулотларини қуйиш ускунаси шикастланган.

Таъкидлаш жоизки, Россия жорий ойда Украинага ракета ва дрон ҳужумларини кучайтириб, асосан, Украинанинг кутилаётган қарши ҳужумидан олдин логистика ва инфратузилма объектларига ҳужум қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 25 май куни Украина Россия томонидан амалга оширилган тунги ҳужумларда Эронда ишлаб чиқарилган 36 та дроннинг барчасини уриб туширганини эълон қилганди. Шу куни Украина Президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк мамлакат Қуролли Кучларининг қарши ҳужуми бошланганини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина Киев ҳаво ҳужуми Днепр

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг