Украина ҳарбийлари Курск вилоятининг учинчи туманига кирди
Олам
−
11 Август
21128Бугун, 11 августга ўтар кечаси Украина ҳарбийлари Курск вилоятининг Беловский туманига кириб, шу орқали Россия Федерацияси ҳудудидаги мавжудлигини кенгайтирди. Бу ҳақда туман раҳбари Николай Волобуев маълум қилди.
"Саботаж ва разведка гуруҳларининг бизнинг ҳудудимизга кириши жуда кўп саросимага сабаб бўлди ва ваҳима қўзғатди. Ҳозир вазият барқарор, лекин жуда таранг", дейди Волобуев маҳаллий аҳолига видеомурожаатида.
У тинчланишга ва Беловский туманидан чиқиб кетган аҳолини "ўзлари кетган жойларда қолишга" чақирди.
Украина ҳарбийларининг Беловский тумани ҳудудига киришини Курск вилояти губернатори вазифасини бажарувчи Алексей Смирнов тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, Россия ҳарбийлари “вазиятни барқарорлаштиришга” муваффақ бўлган.
Смирновнинг таъкидлашича, Беловский туманида "ҳарбий тўқнашувлар йўқ", ҳарбийлар ва чегарачилар Россия Федерацияси чегарасини ҳимоя қилмоқда.
11 августгача Курск вилоятининг икки туманлари – Кореневский ва Суджанский ҳудудида жанглар бўлиб ўтди. Беловский тумани Суджанскийдан жануби-шарқда ва Белгород вилоятига туташган.
Бир кун аввал Россия хавфсизлик кучларига яқин бўлган “ВЧК-ОГПУ” Telegram-канали Украина Қуролли кучлари Белгород вилояти чегараларига “жанговар тайёр қўшинлар”ни тўплаётгани ҳақида хабар берган эди.
"Шу муносабат билан Россиянинг ушбу ҳудудига ҳужум бўлиши мумкин", дейилади хабарда.
Бироқ бу маълумотни мустақил манбалардан тасдиқлашнинг ҳозирча имкони йўқ. Украина Қуролли кучлари 6 августдан буён Курск вилоятида ҳарбий амалиёт ўтказмоқда. 10 август куни Белгород, Брянск ва Курск вилоятларида аксилтеррор операцияси режими жорий этилди.
Америка урушни ўрганиш институти сўнгги ҳисоботига кўра, Кремль Украина ҳарбийлари Курск вилоятида Россия чегарасини бузиб ўтганидан кейин юзага келган вазият жиддийлигини пасайтиришга уринмоқда.
"Россияликлар орасида юзага келиши мумкин бўлган ваҳиманинг олдини олиш учун минтақа уруш ҳудуди деб эълон қилинмаган", дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ мазкур воқеалар фонида Беларусь Қуролли кучларининг механизациялашган бригадаларидан бирининг танклари Украина билан чегарада жойлаштирилганди.
LiveБарчаси