Украинага ёрдам ортидан Британия қурол-яроғ захиралари бўшаб қолди
Олам
−
25 Сентябрь
4340Ғарб давлатлари, хусусан, Буюк Британиянинг Украинага ёрдам кўрсатиши ортидан ҳарбий техника ва қурол-яроғ захиралари бўшаб қолди. Бу ҳақда Британия Мудофаа вазири ўринбосари Люк Поллардга таяниб, “The Times” нашрига маълум қилди.
“Ўйлашимча, аксарият Ғарб давлатлари ўзларида мавжуд ресурсларнинг катта қисмини хайрия қилган. Улар энди Украинадаги можародан келиб чиқиб, ўз ҳарбий ишлаб чиқаришини ошириши керак”, дейди у.
Люк Поллардга кўра, Британия нафақат захираларни тўлдириши, балки жангни давом эттириш учун Украинани ишончли қурол билан таъминлаши зарур.
Нашрнинг ёзишича, Миллий аудит идораси Буюк Британиянинг ҳарбий тайёргарлиги тўғрисида хавотир билдириб, Украинага юборилган ҳарбий ёрдамнинг қиймати 2022-23 йилларда 130 миллион фунтдан 2023-24 йилларда атиги 15,9 миллион фунтга тушиб кетганини қайд этган.
“Украина Президенти Владимир Зеленский БМТ Хавфсизлик Кенгашида нутқ сўзлади ва дипломатик ечим фақат суҳбатлар орқали эришилмаслигини таъкидлади. Бундан ташқари у АҚШ Президенти Жо Байден билан учрашувда “ғалаба режаси”ни тақдим этишни режалаштирмоқда. Унда Зеленский Украина учун узоқ масофали қуролларни олишни, шунингдек, Россия ҳудудининг ички қисмига зарба беришга рухсат сўрамоқда. Ушбу муҳокамаларнинг натижаси давом этаётган можаро ва Украинанинг мудофаа имкониятларини сақлаб қолишига катта таъсир кўрсатиши мумкин”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми Украинага ташрифи чоғида мамлакатни қўллаб-қувватлаш учун 600 миллион фунт стерлинг (782 миллион доллар) ажратилишини маълум қилган эди.
LiveБарчаси