Ўқишга киритиб қўйиш учун 6,6 минг доллар олган ўқитувчи ушланди (видео)
3-саҳифа
−
08 Август
5759Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида ўқишга киритиш ва сертификат олиб бериш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Фарғона вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда Қўштепа туманидаги мактаб ўқитувчиси Ёзёвон туманида яшовчи 3 нафар фуқарони Қирғиз давлат университетининг Қадамжой филиалига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 6600 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Яна бир ҳолатда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ўқитувчиси Амударё туманида яшовчи фуқарони Урганч давлат университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 5 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур ишга алоқадор бўлган унинг шериги – Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети мутахассиси ҳам ушбу пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Сурхондарё вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда Термиз шаҳрида яшовчи, 1989 йилда туғилган шахс ўзининг ҳамшаҳарига инглиз тили бўйича С1 даражадаги тил билиш сертификатини олиб бериш эвазига 2400 АҚШ доллари ва 1 млн 250 минг сўм олган вақтида ушланди.
Ҳозирда ушбу шахсларнинг барчасига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Зебо Туробжонова
LiveБарчаси