UFC'да шов-шув кўтарган ўзбек Тошкентга қайтди
Спорт
−
15 Октябрь
11023UFC’да шов-шув кўтарган ўзбекистонлик жангчи Рамазон Темиров 15 октябрга ўтар кечаси кечки вақтда Тошкентга қайтди. Самолёт тунги соат 01:20 да аэропортга қўнган бўлса ҳам, Темиров ва жамоасининг самолётдан тушиб, яқинлари ва мухлислари билан учрашиши бир неча соатга кечикди. Ниҳоят, соат 4:00 дан ўтганидан кейин Рамазон Темиров чиқиш йўлагида кўриниш берди. Ҳарбий оркестр томонидан чалинган мусиқа садолари остида Темировни яқинлари, санъаткор-у спортчилар ва ОАВ қарши олди.
27 ёшли жангчининг ОАВга берган интервьюсида у дебют жангигача бироз ҳаяжонланганини, аммо жанг бошланганидан кейин барчаси ортда қолганини билдирди.
Қайд этиш жоиз, Темиров UFC’даги дебютида 3 раундлик жангга тайёрланган бўлса ҳам якунда баҳсни узоқ чўзиб ўтирмасдан, америкалик тажрибали рақибини октагон бўйлаб қувиб юрди ва кетма-кет оғриқли зарбалардан кейин биринчи раунддаёқ ғалабага эришди, Темировнинг ёрқин ғалабаси учун унга жанг учун гонорардан ташқари, бонус сифатида 50 минг доллар тақдим этилди. Дебютдаги ёрқин иштирокдан сўнг Темиров -57 кг вазнда UFC рейтингида 83-ўриндан кучли йигирматаликка киришни уддалади. Бу дегани Рамазоннинг келгуси жангларидаги рақиби анча кучли ва жиддий бўлади.
Темиров дебютидагидек ёрқин жанглар ўтказиб турса, қисқа вақт ичида ўз вазнида чемпионлик камари учун жанг қилиши мумкин. Шунингдек, унинг UFC билан шартнома тузгани келгусида унинг укаси яна бир MMA устаси Азизбек Темировга ҳам аралаш яккакураш оламидаги энг нуфузли лигага йўл очади.
Рамазон Темиров энди ўзбек спортининг янги юлдузларидан бири. Биламизки, Ўзбекистонда юлдуз спортчиларга алоҳида эътибор қаратилиб, уларга қимматбаҳо совғалар тақдим этилади. Темировга эса Тошкент шаҳридан икки хонали уй калити топширилди. Жангчи эса совғани бугунги кунга етиб кулгунича энг кўп ҳисса қўшган инсон, отасига туҳфа қилди.