UEFA Европа лигаси финалидан кейин Жозе Моуриньога қарши суд жараёнини бошлади

Спорт

image

UEFA “Рома” бош мураббийи Жозе Моуриньонинг Испаниянинг “Севилья” клубига қарши Европа лигаси финал учрашувини бошқарган англиялик ҳакам Энтони Тейлорни ҳақорат қилгани учун суд жараёнини бошлади. Бу ҳақда ташкилот ўз расмий сайтида хабар берди.

Гап шундаки, “Рома” ва “Севилья” ўртасидаги финал учрашувида ҳакамнинг баҳсли вазиятдаги қарорларидан “Рома” футболчилари, мураббийи ва мухлислари норози бўлган эди. Ўйиндан сўнг португалиялик мураббий Будапештдаги стадионнинг автотураргоҳида ҳакам билан учрашиб, уни ҳақоратлай бошлаган. Ҳакам машинага ўтириш учун португалиялик мураббийдан узоқлашганидан кейин “Рома” устози микроавтобусга яқинлашиб: “Табриклайман, сен шармандасан”, деган эди.

Шундан сўнг UEFA Моуриньога нисбатан “ўйин расмийсини ҳақоратлагани учун” бўйича интизомий иш очди.

Тейлор “Рома” футболчиларига еттита сариқ карточка кўрсатди. Шунингдек, инглиз ҳаками 75-дақиқада римликлар дарвозасига пенальти белгиламоқчи эди, бироқ видеотакрордан сўнг фикрини ўзгартирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ португалиялик мутахассис финал ўйинидан сўнг интервью бериб, Энтони Тейлорга нисбатан норозилигини билдирди. Римликлар бош мураббийи ҳакамнинг баҳсли вазиятларда қизил карточка ўрнига енгил жазо қўллаганини қаттиқ танқид қилди. Шунингдек, кеча Будапешт аэропортида Тейлор ва унинг оиласи билан бир гуруҳ “Рома” мухлислари ўртасида тўқнашув юзага келди.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа лигаси Жозе Моуриньо UEFA

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг