Учта вилоятга бош имом-хатиб тайинланди

Жамият

image

Кеча, 28 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар раислигида Сурхондарё, Самарқанд ҳамда Тошкент вилоятларида фаолият юритаётган туман ва шаҳар бош имом-хатиблари иштирокида видеомулоқот йиғилиши ўтказилиб, мазкур вилоятларга бош имом-хатиблар тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар берди.

Билдирилишича, Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби Алиакбар домла Сайфиддинов ўз аризасига кўра вазифасидан озод этилиб, Термиз шаҳридаги “Ҳаким Термизий” жоме масжиди имом-хатиби вазифасида қолдирилган. Термиз шаҳри бош имоми ва “Мангузар” жоме масжиди имом-хатиби лавозимида ишлаб келаётган Расулжон домла Абдуллаев Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Сурхондарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби вазифасига тайинланган.

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани “Олтинтепа” масжидида имом-хатиб бўлиб ишлаб келаётган Аҳмадхон қори Алимов Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби этиб тайинланган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакили вазифасини вақтинчалик бажариб келган Ёқубжон домла Мансуров бош имом-хатиб ўринбосари ва Самарқанд тумани “Хўжа Аҳрори Валий” жоме масжиди имом-хатиби вазифаларида қолдирилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакили Жасурбек домла Раупов ҳам ўз ихтиёри билан лавозимидан озод этилиб, Зангиота туманидаги “Зангиота” жоме масжиди имом-хатиби вазифасида қолдирилган. Тошкент тумани бош имоми ва мазкур тумандаги “Ҳасанбой ота” жоме масжиди имом-хатиби вазифасида ишлаб келаётган Дониёр домла Икромов Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби лавозимига тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида жойлашган масжидларда фаолият олиб борган 8 нафар имом-хатиб, 10 нафар имом ноиби вазифасидан озод этилганди. Шунингдек, 2 нафар имом-хатиб ва 2 нафар имом ноибига “ҳайфсан” интизомий чораси қўлланилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон мусулмонлари идораси бош имом-хатиб Шайх Нуриддин Холиқназар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг