“Учинчи жаҳон уруши бошланиб бўлган”. Унда ким мағлуб бўлаётгани айтилди
Олам
−
07 Февраль 2022
76147Америка Қўшма Штатлари бошланиб бўлган “Учинчи жаҳон урушида” Хитойга ютқазмоқда. Бу ҳақда америкалик сиёсатшунос Майкл Рейган таъкидлаган. Унинг сўзлари “Daily Freeman” нашрида чоп этилган.
Сиёсатчига кўра, Украинани Россия босқинидан ҳимоя қилиш учун АҚШ Европага қўшин жўнатиши шарт эмас эди. Бунинг ўрнига “Шимолий оқим” ёпилиши ва Keystone қувури очилиши ҳамда Хитой таҳдидига қарши курашиш керак эди.
Рейган Хитой Халқ Республикаси катта ҳарбий ва иқтисодий салоҳиятга эга эканлигини таъкидлаган.
“Бизнинг бутун иқтисодиётимиз хавфли даражада Хитой ва унинг заводларига боғлиқ”, деб ёзади сиёсатшунос.
Унинг тушунтиришича, гап фақат кийим-кечак, пойабзал ва электроника ҳақида эмас, балки коронавирусга қарши уй шароитидаги тестлар ҳақида ҳам бормоқда. Сиёсатшунос Хитойнинг халқаро майдондаги мавқеи мустаҳкамланиб бораётганига эътибор қаратган. Рейганнинг сўзларига кўра, мамлакат чорак асрдан буён бутун дунё бўйлаб “мускулларини намойиш қилмоқда”.
“Учинчи жаҳон уруши бир неча ўн йиллар олдин бошланган. Биз Россияга эмас, Хитойга қаршимиз ва биз мағлуб бўляпмиз”, дея хулоса қилган у.