Уч вилоятда пора олаётган адвокатлар қўлга тушди
3-саҳифа
−
18 Декабрь 4340 2 дақиқа
Тошкент, Самарқанд ва Гулистон шаҳарларида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида 3 адвокатнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабарберди.
Хусусан, ДХХ Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, пойтахтда фаолият юритувчи адвокатлар ҳайъатининг муқаддам судланган адвокати ноқонуний тарзда 5 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган.
Аниқланишича, у Миробод туман ИИО ФМБ Тергов бўлими юритувида бўлган Жиноят кодексининг 131 ва 135-моддалари билан қўзғатилган жиноят иши айбланувчисидан суд тизимидаги танишлари орқали 135-моддани олиб ташлаб, унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланишида ёрдам бериш эвазига 10 минг доллар талаб қилган.
Самарқанд шаҳрида кузатилган ҳолатда, маҳаллий адвокатлик фирмаси адвокати жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида кўрилаётган Жиноят кодексининг 273-моддаси билан қўзғатилган жиноят иши айбланувчисига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланишида суд идораларидаги танишлари орқали ёрдам бериш эвазига 4 минг доллар олган вақтида ушланган.
Бу каби қонунбузилиши Сирдарё вилоятида ҳам қайд этилиб, Гулистон шаҳрида фаолият юритувчи адвокатлик бюроси адвокати Оқолтин туманидаги МЧЖ раҳбаридан 450 млн сўмлик дори воситаларини олиб, пулини бермай юрган шахсларга нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралардаги танишлари орқали жиноят иши қўзғаттириб бериш эвазига 1500 доллар олган вақтида ушланган.
Ҳозирда учала адвокатга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми «в» банди ва 28,211-моддаси (пора бериш) 1-қисми билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 25 млн сўм пул эвазига Марказий тергов ҳибсхонасида сақланаётган шахсга телефон олиб кириб берган ходим ушланганди.
Live
Барчаси