Уч тумандан ўқишга кира олмаган абитуриентлар ОТМга қўшимча равишда қабул қилинади
Жамият
−
12 Ноябрь 2020
13051Жорий йил олий таълим муассасаларига ўтказилган тест синовларидан йиқилган Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ, Тахтакўпир ва Қораўзак туманларидан бўлган абитуриентлар ўқишга қўшимча қабул қилинади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Бунинг учун абитуриент энг камида 56,7 балл тўплаган бўлиши керак (максимал 189 баллнинг 30 фоизи) ва тиббиёт йўналишларидан бошқа соҳани танлаши даркор. Ўқишга тўлов-шартнома асосида қабул қилинади ва ўқишни тугатгандан кейин шу ҳудудларда камида 5 йил ишлаб бериши лозим.
Эртага, 13 ноябрдан бошлаб ушбу 3 та туманда 4 та сектор раҳбарлари ҳамда олий ўқув юртлари вакиллари иштирокида юқоридаги талаблар асосида ўқишга ҳохиш билдирган абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари билан учрашув ташкил қилинмоқда.
Қайд этилишича, мазкур тадбир Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 2 октябрь куни Қорақалпоғистонга сафари давомида берилган топшириқнинг ижроси доирасида амалга оширилмоқда.
Имкониятдан мазкур туманларда доимий яшайдиган абитуриентлар фойдалана олади ва улар Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритадиган (тиббиёт йўналишларидан бошқа) олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинади.
LiveБарчаси