Давлат тест маркази бу йилги тест синовларида баллар нима учун юқори эканига изоҳ берди
Жамият
−
18 Сентябрь 2020
47588Маълумки, жорий йилнинг 2-16 сентябрь кунлари Ўзбекистонда олий ўқув юртларига кириш учун тест синовлари бўлиб ўтди. Куни кеча тест натижалари эълон қилинди. Давлат тест маркази бу йилги тестлар бўйича кириш баллари нима учун юқори эканига изоҳ берди.
Қайд этилишича, 2020/2021 ўқув йилида ўтказилган давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларида 1 миллион 240 614 (95,1%) нафар абитуриент иштирок этган. Улар орасида максимал балл (189 балл) олганлар ҳам кўп кузатилди.
Давлат тест маркази томонидан, тест синовлари натижаларини таҳлил қилиш давомида максимал балл олган абитуриентлар сони аввалги йилларга қараганда кўпайганлиги аниқланган. Марказнинг қайд этишича, бунинг бир неча сабаблари бор.
“Маълумки, мамлакатда пандемия шароитида жорий этилган карантин чекловлари даврида бошқа соҳалар каби таълимда ҳам, жумладан, олий таълим муассасаларининг бакалавриатига қабул тест синовларига тайёргарлик кўриш, ўтказиш ва абитурийентларнинг пухта тайёргарлик кўришларида мураккаб вазиятлар юзага келди.
Ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда ва абитурийентларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Президентимиз раҳбарлигида, Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган бир қатор йиғилишларда кириш имтиҳонларини соддалаштириш бўйича топшириқлар берилди ҳамда муҳим қарорлар қабул қилинди. Шулардан келиб чиқиб, кириш имтиҳонлари жараёнида абитуриентлар учун янада кенг имкониятлар яратилди”, дейилади хабарда.
Абитуриентларга бу йил қуйидаги имкониятлар яратилган:
• 2019 йилдан бошлаб умумтаълим фанларидан тест саволлари тўплами нашр этилди ва ушбу тўпламда ишлатилган саволлар базасининг 20 фоизидан кўпроғи кириш тест жараёнларида фойдаланилди.
• Telegram тармоғида e-sinov тизимидан абитуриентларга бепул фойдаланиш имконияти яратилди (тест синовларига қадар 1,4 млндан ортиқ абитуриент ушбу хизматдан бепул фойдаланди).
• Тест топшириқлари соддалаштирилди. Бунда авваллари қўлланилган 4-даража қийинликдаги (энг қийин) саволлар умуман олиб ташланди, бу йил улар ишлатилмади, 3-даражали саволлар сони камайтирилди ва 1-даражали саволлар сони тегишли равишда оширилди (12 та савол – 1 даражали, 12 та савол – 2 даражали, 6 та савол – 3 даражали). Шунингдек, барча умумтаълим фанлари бўйича назарий саволларнинг сони кўпайтирилди, ўқув-лаборатория машғулотларига оид, расмли, харитали ва жадвалли тест топшириқлари сони оширилди.
• Миллий ва халқаро сертификатларнинг тегишли даражасига, пандемия даврида ишлаб чиқилган IELTS Индиcатор сертификатига эга бўлган абитуриентлар учун ҳам максимал балл бериш белгиланди.
• Халқ таълими вазирлиги ва Давлат тест маркази томонидан абитурийентларнинг тест синовларига пухта тайёргарлик кўришлари учун “Онлайн репетитор” теледастурлари мунтазам эфирга узатилди.
• Жорий йил учун истисно тариқасида тест синови топшириладиган 5 та фандан 2 та мутахассислик фани қолдирилди.
• Ҳар бир тўғри деб топилган жавобга балл бериш тизими ўзгартирилиб, биринчи ва иккинчи фан учун мос равишда 3,2 ҳамда 3,1 баллдан берилди, олдинги йиллардаги каби 1,1 балл бериш қўлланилмади.
• Тест синовларини топшириш учун ажратилган вақт меъёри оширилиб, амалдаги тартибда кўрсатилган 2 соат ўрнига 3 соат этиб белгиланди.
• Тест синови қанчалик мураккаб жараён бўлмасин, қайд этилган ўзгариш ва тақдим этилган имкониятлар абитурийентларнинг юқори натижага эришишига асосий сабаб бўлиб хизмат қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь