У ўтмишнинг сарқити – Алиев БМТни “савалади”
Олам
−
05 Июль 2023
13343БМТ Хавфсизлик Кенгаши таркиби ҳозирги воқеликни акс эттирмайди ва унга Қўшилмаслик ҳаракати, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Африка Иттифоқи мамлакатлари вакилларини киритиш керак. Бу ҳақда бугун, 5 июль куни Бакуда бўлиб ўтган Қўшилмаслик ҳаракати мувофиқлаштирувчи бюросининг вазирлар йиғилишида қатнашган Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев сўз очди.
“Ҳозирда халқаро ташкилотлар, хусусан, БМТ инсоният умидларини оқламаяпти. БМТ муқаррар равишда жиддий ислоҳотлардан ўтиши керак. БМТ Хавфсизлик Кенгаши ўтмиш ёдгорлиги бўлиб, ҳозирги воқеликни акс эттирмайди. Биз Хавфсизлик Кенгаши таркибини янада вакиллик ва географик жиҳатдан адолатли қилиш учун кенгайтириш тарафдоримиз. Бугун дунёда бу масала бўйича консенсус кучайиб бораётганидан хурсандман”, дейди Озарбайжон раҳбари.
Алиев, Қўшилмаслик ҳаракати, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Африка Иттифоқига раислик қилаётган давлатлар вето ҳуқуқи билан БМТ Хавфсизлик Кенгашида ротация асосида ўрин олишлари кераклигини таъкидлади.
Президентнинг айтишича, Озарбайжон янги мустамлакачилик тенденцияси кучайиб бораётганидан жуда хавотирда. Мустамлакачиликдан чиқариш жараёни натижасида яратилган Қўшилмаслик ҳаракати ўтмишнинг бу шармандали меросига қарши қатъий кураш олиб бориши, уни бутунлай йўқ қилишга ҳисса қўшиши керак.
Бугун, 5 июль куни Бакуда Қўшилмаслик ҳаракати мувофиқлаштирувчи бюросининг вазирлар йиғилиши ўз ишини бошлади. Унда Ташқи ишлар вазирлари ва вазир ўринбосарлари иштирок этмоқда.
Қўшилмаслик ҳаракати 120 та давлатни бирлаштирган бўлиб, унда 17 та давлат ва 10 та халқаро ташкилот кузатувчи мақомига эга. Ҳаракатнинг 2019 йил 25-26 октябрь кунлари Баку шаҳрида бўлиб ўтган саммитидан сўнг, Озарбайжон 2019-2022 йилларда унга раисликни қабул қилди. Кейинчалик мамлакат раислиги яна бир йилга узайтирилди. Ўзбекистон ҳам ушбу ташкилотга аъзо бўлган.
Қайд этиш керакки, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған БМТ Хавфсизлик Кенгашининг беш аъзосини назарда тутиб, доимий равишда “дунё бешдан буюк” шиорини илгари суриб келади. У Кенгашни ислоҳ қилиш зарурлиги ва инсоният тақдири Иккинчи жаҳон урушида ғолиб бўлган “бир ҳовуч давлат”лар марҳаматига қараб қолмаслиги кераклигини айтади.
2022 йилнинг октябрь ойида Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ҳам худди шундай таклиф билан чиққан эди. Путиннинг фикрича, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ), шунингдек, ташкилот Хавфсизлик Кенгаши тузилмасини “глобал хилма-хиллик” олиб келиш учун ўзгартириш керак.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши беш доимий ва ўнта доимий бўлмаган аъзолардан иборат. Бешта асосий давлат – Хавфсизлик Кенгашининг вето ҳуқуқига эга аъзолари Иккинчи Жаҳон уруши натижаларига кўра тузилган. Унинг таркибига АҚШ, СССР (кейинчалик ворис сифатида Россия), Буюк Британия, Франция ва Хитой кирган. Хавфсизлик Кенгашининг барча масалалар бўйича қарорлари, агар улар тўққизта иштирокчи давлат томонидан, шу жумладан беш доимий аъзонинг бир хил овозлари билан овоз берган бўлса, қабул қилинган ҳисобланади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь