Путин ҳам БМТ ва унинг Хавфсизлик Кенгаши тузилмасини ўзгартиришни таклиф қилди
Олам
−
28 Октябрь 2022
5873Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ), шунингдек, ташкилот Хавфсизлик Кенгаши тузилмасини “глобал хилма-хиллик” олиб келиш учун ўзгартириш керак. Россия Президенти Владимир Путин “Валдай” форумида шундай фикр билдирди.
“БМТ тузилмаси, шу жумладан унинг Хавфсизлик Кенгаши кўпроқ даражада дунё минтақаларининг хилма-хиллигини аниқ акс эттиришини ҳисобга олиш керак. Зеро, дунёнинг эртаси бугунгига қараганда Осиё, Африка, Лотин Америкаси билан кўпроқ боғлиқ бўлади”, дейди Путин.
Унинг сўзларига кўра, Ғарб цивилизацияси “ҳатто бизнинг умумий Евроосиё маконимизда ҳам” ягона эмас, бироқ ўз дунёқараши ва сиёсатини татбиқ этишда давом этмоқда. У Евроосиё иқтисодий маконини биргаликда ривожлантириш, янги транспорт йўлакларини ўзлаштириш, ҳамкорликнинг янги йўллари ва шаклларини яратишга чақирди.
“Давр ўзгартириши оғриқли жараён, аммо табиий ва муқаррар. Келажакдаги дунё тартиби бизнинг кўз ўнгимизда шаклланмоқда ва бу дунё тартибида биз ҳаммани тинглашимиз, ҳар бир нуқтаи назарни, ҳар бир миллатни, жамиятни, маданиятни, дунёқараш тизимини ҳисобга олиш керак”, дея қўшимча қилди Путин.
Қайд этиш керакки, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған БМТ Хавфсизлик Кенгашининг беш аъзосини назарда тутиб, “дунё бешдан буюк” шиорини илгари сурмоқда. У Кенгашни ислоҳ қилиш зарурлиги ва инсоният тақдири Иккинчи жаҳон урушида ғолиб бўлган “бир ҳовуч давлат”лар марҳаматига қараб қолмаслиги кераклигини таъкидлаб келади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши беш доимий ва ўнта доимий бўлмаган аъзолардан иборат. Бешта асосий давлат – Хавфсизлик Кенгашининг вето ҳуқуқига эга аъзолари Иккинчи Жаҳон уруши натижаларига кўра тузилган. Унинг таркибига АҚШ, СССР (кейинчалик ворис сифатида Россия), Буюк Британия, Франция ва Хитой кирган. Хавфсизлик Кенгашининг барча масалалар бўйича қарорлари, агар улар тўққизта иштирокчи давлат томонидан, шу жумладан беш доимий аъзонинг бир хил овозлари билан овоз берган бўлса, қабул қилинган ҳисобланади.
LiveБарчаси