У СССРнинг КГБси каби бўлиши керак – Жапаров МХДҚ ҳақида
Олам
−
21 Февраль 8166 4 дақиқа
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров мамлакатда куч ишлатар тузилмалар бўйича кенг қамровли ислоҳот тайёрланаётганини, хусусан, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасини (МХДҚ) ёпиқроқ тузилмага айлантиришни режалаштирилаётганини маълум қилди. Бу ҳақда у “Кабар” нашрига берган интевьюсида сўз очди.
Унинг айтишича, мамлакатда 2027 йилда катта ислохот бошлаш режалаштирилган. МХДҚ энди барча соҳаларга аралашмайди. Махсус хизмат ўзининг бевосита вазифалари – разведка, қарши разведка, терроризм, экстремизм ва гиёҳвандликка қарши кураш, шунингдек, конституциявий тузумни ҳимоя қилиш билан шуғулланади. Иқтисодиётга аралашишига чек қўйилади.
Жапаров сўнгги пайтларда МХДҚ ходимлари хизмат гувоҳномасини исталган жойда кўрсатиб, идора обрўсига путур етказаётгани ҳақидаги танқидлардан хабардор эканини айтган ва бу масалада аввал ҳам собиқ раҳбар Қамчибек Ташиевни огоҳлантирганини билдирган.
“Дўстим, МХДҚ нуфузини кўтар. У СССРнинг КГБси (Комитет государственной безопасности – Давлат хавфсизлик қўмитаси) каби обрўли бўлиши керак. Акс ҳолда, ходимлар ҳатто кичик савдо жойларида ҳам гувоҳномасини кўрсатган ҳолатлар бор. Бундай танқидлардан қутулишимиз керак.
Интим хизматларга қарши кураш ҳақидаги видео эълон қилинган куннинг ўзидаёқ уни (Ташиевни) чақириб, дўстим, бу соҳани Ички ишлар вазирлигига топшир, бу уларнинг иши. МХДҚ даражасини туширма ”, деганини айтган Президент.
Бундан келиб чиқадики, Жапаров МХДҚ ёпиқроқ тузилмага айлантириши мумкин, токи у ерда ким ишлаётгани ва нима билан шуғулланаётгани ошкора бўлмасин.
Мазкур ислоҳотни 2027 йилда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитидан сўнг бошлаш режалаштирилган.
Шунингдек, Садир Жапаров тергов тизимини ИИВ ва МХДҚдан ажратиш мақсадида алоҳида Тергов қўмитасини ташкил этишни режалаштирмоқда.
Президент ҳозирда тезкор ходимлар ҳам, терговчилар ҳам бир раҳбариятга бўйсунгани сабабли ноҳақликлар юзага келиши мумкинлигини қайд этган. Давлат раҳбари бунга мисол келтирар экан, агар терговчи иш пухта эмаслигини ёки сохталаштирилганини кўрса ҳам “юқоридан” берилган кўрсатма туфайли уни қабул қилишга мажбур бўлиши мумкинлигини айтган.
Янги Тергов қўмитаси тўғридан тўғри Президентга бўйсунади ва асосий тергов ваколатлари ушбу қўмитага ўтказилади, прокуратура эса қонунийлик устидан назоратни амалга оширади.
Жапаровнинг таъкидлашича, бу ислоҳот жиноий ишлар бўйича адолатсизликларни камайтириш ва фуқаро ҳуқуқларини яхшироқ ҳимоя қилиш учун зарур.
Ташиев истеъфоси
Жорий йилнинг 10 февраль куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси – Бош вазир ўринбосари Қамчибек Ташиев Президент Садир Жапаровнинг фармони билан лавозимидан озод этилди. У ўз қарорини “жамиятда бўлинишга йўл қўймаслик” истаги билан изоҳлади. Қамчибек Ташиевнинг ўзи бу ҳақда Германияда юрак операциясидан сўнг режали текширувда бўлганида хабар топганини маълум қилди.
Ташиев ортидан унинг биринчи ўринбосари Қурбонбек Авазов, киберхавфсизлик маркази директори Даниэль Рисалиев ва Антитеррор маркази директори Элизар Сманов ишдан олинди. Абдукарим Алимбоев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилиб, Давлат чегара хизмати раиси этиб тайинланди. Унинг ўрнини Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимида ишлаб келаётган Рустам Мамасадиқов эгаллади.
2020 йилдан буён Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг 9-хизмати бошлиғи ва раис ўринбосари лавозимида ишлаб келган Жумгалбек Шабданбеков Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.
Шунингдек, шу куннинг ўзида Чегара хизмати давлат қўмитаси таркибидан чиқарилди.
Жапаров ва Ташиев тандеми
Маълумот учун, Қамчибек Ташиев 2020 йил 16 октябрь куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси этиб тайинланган эди. Фармонни 2020 йил 5–6 октябрь воқеаларидан сўнг президент вазифасини бажарувчи сифатида Садир Жапаров имзолаган.
Қамчибек Ташиев ва амалдаги Президент Садир Жапаров ўртасидаги кўп йиллик муносабатлар мамлакатдаги энг барқарор ва таъсирли сиёсий иттифоқлардан бири сифатида баҳоланиб келган. Уларнинг ҳамкорлиги ҳокимият тепасига келишидан анча олдин бошланган: 2010 йиллар бошида улар бир неча бор сиёсий жараёнларда бир томонда бўлган, 2012 йилдаги умумий жиноий эпизодни ҳам бирга бошдан кечирган, бу эса уларнинг шахсий яқинлигини янада мустаҳкамлаган.
2020 йил октябрь воқеаларидан сўнг тандем якуний шаклга келди: Садир Жапаров Президент лавозимини эгаллади, Қамчибек Ташиев эса МХҚ раҳбари этиб тайинланиб, куч блокининг асосий таянчига айланди. Айнан у энг шов-шувли ишларни назорат қилган, куч сиёсатини шакллантирган ва амалда Президент жамоасининг энг яқин ишончли шахсларидан бири бўлиб келган.
Экспертлар орасида уларнинг иттифоқи кўпинча мамлакатдаги энг мустаҳкам сиёсий дуэт деб аталарди, Қамчибек Ташиев атрофидаги ҳар қандай кадр ўзгаришлари эса ҳокимият конфигурациясидаги жиддий ўзгаришлар белгиси сифатида қабул қилинар эди.
Сўнгги пайтларда сиёсий доираларда махсус хизмат раҳбарининг бўлажак Президент сайловларида иштирок этиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалган эди. Қамчибек Ташиев эса бир неча бор президентлик пойгасида қатнашмоқчи эмаслигини ва Садир Жапаровни қўллаб-қувватлашини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жапаров мамлакатда бўлинишга йўл қўймаслигини айтганди.