Тўрт вилоят ва Тошкентда никоҳ уйлари тугатилиши мумкин
Жамият
−
11 Июнь 2022
24354Ўзбекистоннинг тўрт вилояти ва пойтахт Тошкентда никоҳ уйларини тугатиш режалаштириляпти. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳасида назарда тутилган.
Мазкур лойиҳада ФҲДЁ бўлимлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан ташкил этилиши ва тугатилиши белгиланмоқда.
Шунингдек, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё, Сирдарё вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги барча никоҳ уйлари тугатилиб, улардаги штат бирликлари бошқа туман (шаҳар) ФҲДЁ бўлимларига ўтказилмоқда.
Фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларини қайд этиш чоғида йўл қўйилган хатолар муносабати билан ФҲДЁ бўлимлари томонидан такрорий гувоҳномалар берганлик учун фуқароларни герб йиғимидан озод қилиш белгиланмоқда.
Бундан ташқари, фуқаролик ҳолати далолатномаларини экстерриториал тамойил асосида қайд этиш тартиби жорий этилганлигини инобатга олиб, ФҲДЁ бўлимларининг ходимлари сонини белгилаш мезонларига ўзгартириш киритилмоқда.
Лойиҳа жорий йилнинг 25 июнига қадар муҳокама қилинади.
LiveБарчаси