Самарқандда тирик аёл ўликка чиқарилди (видео)
Жамият
−
21:03 2464 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида яшовчи аёлнинг видеомурожаати тарқалди. У ўз мурожаатида нобуд бўлган ҳомиласига қўшилиб, электрон ҳужжатларда ўликка чиқарилганини айтган. Мазкур ҳолат юзасидан вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси муносабат билдирди.
Қайд этилишича, бошқарма томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганиш ишлари олиб борилган. Аниқланишича, Булунғур туманида яшовчи, 2001 йилда туғилган фуқаро М.М. 2022 йил 18 август куни Булунғур тумани соғлиқни сақлаш бўлимига қарашли туғруқ бўлимига оғир ҳолатда, бачадондан қон кетиши шикояти билан мурожаат қилган. Шошилинч тиббий текширувлар натижасида ҳомиланинг она қорнида нобуд бўлгани аниқланган.
Шундан сўнг, беморга зарур тиббий ёрдам кўрсатилиб, нобуд бўлган ҳомила туғдириб олинган ҳамда антенатал ўлим ҳолати белгиланган тартибда қайд этилган. Маълумотларни электрон базага киритиш жараёнида даволовчи шифокор Раъно Ғофурова томонидан йўл қўйилган техник хато оқибатида фуқаронинг паспортидаги ЖШШИР рақами нобуд бўлган фарзандининг маълумотларига бириктириб қўйилган.
2023 йилда фуқаро М.М. иккинчи фарзанди учун туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олиш жараёнида электрон маълумотлар базасидаги мазкур хатолик сабабли муаммога дуч келган. Шундан сўнг, туман тиббиёт масъуллари ҳамда ФҲДЁ органлари ходимлари томонидан фуқаронинг маълумотлар базасидаги хатолик бартараф этилган. Мазкур камчиликлар тузатилгандан сўнг, 2023 йил охирида фуқаро М.М. нинг шахсини тасдиқловчи янги ҳужжат – ID-картани расмийлаштириш жараёнида у билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо ёки тўсиқлар юзага келмаган.
“Хулоса қилиб айтганда, ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат қилган фуқаро М.М. билан боғлиқ ҳолат Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан атрофлича ўрганилди.Тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда электрон маълумотлар базасида Face ID тизими билан боғлиқ камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилди”, дейилади хабарда.
Live
Барчаси