Самарқандда “СССРнинг сўнгги фуқароси”га ID-карта берилди
Жамият
−
18:31 5360 1 дақиқа
Бугун, 14 март куни Адлия вазирлиги томонидан СССР паспорти билан яшаб келган аёлга ID-карта берилди. Бу ҳақда вазирликнинг Telegram-каналида хабар берилди.
Маълум қилинишича, 1972 йил 21 декабрда Нурота туманида туғилган Онархол Кубаева бир муддат Қўшработ туманининг Қувкалла маҳалласида яшаган. У 1992 йилда Пайариқ туманидаги Накурт маҳалласига келин бўлиб тушган.
Адлия вазирлиги маълумотига кўра, фуқаро узоқ йиллар давомида собиқ иттифоқ – СССР паспорти билан яшаб келган. Бунга эътиборсизлик ва оилавий шароитларнинг етарли бўлмагани сабаб бўлган. Шунингдек, у шу вақтгача маҳалла фуқаролар йиғини, ички ишлар органлари ёки ФҲДЙ бўлимларига мурожаат қилмаган.
Мазкур ҳолат аниқлангач, Қўшработ ва Пайариқ туман адлия бўлимлари ҳамда Пайариқ туман ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими ҳамкорликда зарур чораларни кўрган. Натижада 2026 йил 14 март куни Онархол Кубаевага Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг ID-картаси расмийлаштириб берилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда 10 йилдан ортиқ ҳужжатсиз яшаган ўзбекистонлик фуқаро ортга қайтарилганди.
Live
Барчаси