Туркманистонда Ўзбекистонга газ етказиш узилишида айбдор амалдор 8 йилга қамалди
Олам
−
17 Май 2023
8420“Туркмангаз” бошлиғининг собиқ ўринбосари шу йилнинг январь ойида, аномал совуқ вақтида содир бўлган газ таъминоти тизимидаги авария ортидан 8 йилга қамалди. Бу ҳақда “Turkmen.news” хабар берди.
Маълум қилинишича, “Туркмангаз” раисининг собиқ ўринбосари Атамурат Чариев “Галкиниш” конида содир бўлган аварияда айбли деб топилиб, саккиз йилга озодликдан маҳрум қилинган. Суд қачон ва қаерда бўлиб ўтгани ҳозирча номаълум.
Қамоқ жазосидан ташқари, унга нисбатан катта миқдордаги молиявий даъво ҳам қўзғатилган.
“Галкиниш”даги авария оқибатида аномал совуқ вақтида Ўзбекистонга газ етказиб бериш бир неча кунга тўхтаб қолганди.
Мамлакат расмий оммавий ахборот воситаларида авария бўйича ҳукм чиқарилгани ҳақида хабар берилмаган. Туркманистон ҳукумати қўшни давлатга газ етказиб беришнинг узилишини ўз фуқароларидан яширишга ҳаракат қилгани айтилмоқда.
Хабарларга кўра, ушбу ишда айбли деб топилган қолган мансабдорларнинг тақдири ҳозирча номаълум.
Кондан газ етказиб беришнинг тўхтаб қолишига музлашга қарши реагентларнинг етишмаслиги сабаб қилиб кўрсатилган. 2019-2021 йилларда худди шундай реагентларнинг сотиб олинишига жавобгар бўлган Чариев қиммат “антифриз”лар сотиб олиш бўйича шартнома тузган ва аксинча ўрнига арзон аналогларни харид қилганликда айбланган. У бу орқали ўзлаштирган маблағини “Туркмангаз”нинг ўша пайтдаги раҳбари Мурод Арчаев ва газ қазиб олиш бошқармаси бошлиғи Гадам Ораниязов билан бўлишган.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг февраль ойида Ўзбекистонга газ етказиб бериш тўхтаб қолиши ортидан “Туркмангаз”нинг олти мансабдори ҳибсга олинганди.
LiveБарчаси