Туркманистонда болаларни пахта теримида ишлатиш тақиқланди
Олам
−
07 Август
3325Туркманистонда вояга етмаган боланинг пахта теримида фойдаланишини тақиқловчи буйруқ кучга кирди. Бу ҳақда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири буйруғига таяниб, “Turkmenportal” хабар берди.
Ҳужжатга кўра, ўсмирлар учун тақиқланган касблар қаторига “пахта теримчиси” ҳам қўшилган. 2018 йилда тасдиқланган рўйхатга ўзгартиришлар киритилган. Янги буйруқ Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган.
Туркманистон дунёдаги энг йирик пахта етиштирувчи ўнта давлатдан биридир. “Business Turkmenistan” нашрининг қайд этишича, мамлакатда пахта экспорти умумий маҳсулот экспорти ҳажмининг 15 фоизини ташкил этади ва республика ялпи ички маҳсулотига салмоқли ҳисса қўшади.
2018 йилда Қўшма Штатлар Туркманистондан пахта ва унинг таркибидаги маҳсулотларни импорт қилишни тақиқлаган эди. Ушбу қарорга сабаб сифатида Қўшма Штатларга меҳнат қонунчилигини бузган ҳолда ва “қул ёки болалар меҳнатидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар”ни олиб киришни тақиқловчи қонун кўрсатилган.
Туркманистон ҳукумати ва Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ўртасидаги 2024-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик бўйича “йўл харитаси”да белгиланган устувор чора-тадбирлардан бири вояга етмаганларнинг пахта теримида меҳнатини олдини олиш бўлди. Халқаро меҳнат ташкилоти веб-сайтидаги хабарда Туркманистон вакиллари 2024 йилнинг март ойида Ўзбекистонга келиб, мамлакат пахта соҳасида болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш тажрибасини ўрганишгани қайд этилган.
Маълумот учун, 2010 йилда Қўшма Штатлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган пахтани сотиб олишни тақиқлаган эди. 2017 йил сентябрь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясидаги умумий сиёсий муҳокамада сўзлаган нутқида ХМТ билан ҳамкорликда болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш чоралари кўрилганини айтган. 2019 йил 25 март куни АҚШ Меҳнат департаменти ўзбек пахтасини сотиб олишга қўйилган тақиқни бекор қилиш бўйича якуний қарорни қабул қилди. 2022 йил 1 март куни ХМТ матбуот хизмати Ўзбекистонда пахта терими болалар ва мажбурий меҳнатсиз олиб борилаётгани ҳақида хабар берди.