Туркиянинг арзон авиакомпанияси Ўзбекистонга парвозларни йўлга қўяди
Жамият
−
28 Октябрь 1107 2 дақиқа
Туркиянинг Pegasus Airlines лоукостер (арзон) авиакомпанияси Ўзбекистоннинг Андижон, Бухоро ва Термиз шаҳарларига мунтазам қатновларни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда компания сайтидаги маълумотлардан кўриш мумкин.
Компаниянинг расмий сайтида Ўзбекистоннинг Андижон, Бухоро ва Термиз шаҳарларига чипталар харид қилиш имконияти очилган. Хусусан, Истанбул–Бухоро йўналишидаги дастлабки рейс 14 декабрга, Истанбул–Андижон рейси 18 декабрга, Истанбул–Термиз қатнови эса 2027 йил 1 мартга белгиланган.

Маълумотларга кўра, парвозлар Истанбулнинг Сабиҳа Гўкчен аэропортидан амалга оширилади. Чипта нархи эса бир томонга 87 евро (ҳозирги курс бўйича тахминан 1 млн 165 минг сўм) этиб белгиланган.
Фуқаро авиацияси агентлиги реестрида келтирилишича, Pegasus Airlines жорий йилнинг 6 октябрь куни Ўзбекистонда йўловчи ташиш учун 58-К-сонли эксплуатацион рухсатномани олган.
Маълумот учун, Pegasus Airlines – Туркиянинг энг йирик арзон авиакомпанияларидан бири бўлиб, бош қароргоҳи Истанбул шаҳрида жойлашган. 1990 йилда ташкил этилган ушбу авиакомпания 2005 йилда “ESAS Holding” таркибига ўтгач, арзон нархларда парвозларни амалга ошириш моделига тўлиқ ўтган. Компания ўзининг асосий хаби сифатида Истанбулдаги Сабиҳа Гўкчен халқаро аэропортидан фойдаланади ва Европа, Яқин Шарқ ҳамда Осиё бўйлаб 130 дан ортиқ йўналишларда мунтазам ва чартер рейсларини амалга оширади. Pegasus Airlines Airbus А320neo ва А321neo ҳаво кемаларидан иборат самолётлар паркига эга.
Live
Барчаси27 Октябрь