Туркиялик футболчининг ҳаракати билан боғлиқ вазият туфайли Германия элчиси ТИВга чақиртирилди
Спорт
−
04 Июль
11103Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (UEFA) томонидан ўйиндан кейин турк миллатчиларининг имо-ишорасини кўрсатган футболчига нисбатан бошланган интизомий текширув туфайли Германиянинг Анқарадаги элчиси Юрген Шульц Туркия Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Туркия Ташқи ишлар вазирлиги “UEFA томонидан олиб борилган ушбу терговга йўл қўйиб бўлмаслигини” эълон қилди ва Германия расмийларининг бунга муносабатини “сиёсий ва ксенофобия” деб атади.
“UEFA 2024 йилги Европа футбол чемпионати доирасида 2 июль куни Австрия терма жамоаси билан ўйинидан сўнг терма жамоамиз футболчиси Мериҳ Демиралга нисбатан интизомий тергов очганини қабул қилиб бўлмайди”, дейилади Туркия ТИВ хабарида.
Вазирликнинг эслатишича, Германия Конституциясини ҳимоя қилиш бўйича Федерал ташкилот томонидан 2023 йил сентябрь ойида эълон қилинган ҳисоботда “кулранг бўри” белгисини кўрсатадиган ҳар бир одамни ўта ўнг томон сифатида тавсифлаш мумкин эмаслиги таъкидланган.
“Гарчи “кулранг бўри” имо-ишораси Германияда тақиқланган белги бўлмасада, немис расмийларининг Демиралнинг ҳаракатига муносабати ксенофобиядан далолат беради, биз ушбу тарихий ва маданий рамздан фойдаланишга сиёсий сабабларга кўра муносабат билдирилганини қоралаймиз”, дейилади вазирлик баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ UEFA Демиралнинг ҳаракати бўйича тергов бошлагани хабар қилинганди.