Туркиядаги ўзбекистонликлардан митингга чиқмаслик сўралди

Олам

image

Аввалроқ, туркиялик Уммухон Ўзден исмли қиз стендап чиқишларидан бирида омма олдида ўзбек аёлларига нисбатан ҳақоратомуз сўз ишлатганди. Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ушбу масала юзасидан фуқароларни турли йиғилиш ва намойишлар ўтказишдан ҳамда уларга тарғиб қилишдан тийилишга чақирди. Бу ҳақда консулхона матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, охирги пайтларда Ўзденнинг ўзбек аёллари шаънига айтилган номақбул сўзларига жавобан ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон фуқаролари томонидан Истанбул суди биноси атрофида йиғилиш ўтказишга чорловлар кенг тарқатилмоқда.

Бош консулхона Туркияда митинглар, намойишлар ва бошқа оммавий тадбирларни ташкил қилиш ва ўтказиш тартиби “Йиғилишлар ва намойишлар тўғрисида” 2911-сонли қонун асосида тартибга солинишини маълум қилган. Мазкур қонунга мувофиқ, Туркияда йиғилиш ва намойишлар ўтказиш учун қуйидаги талаблар белгиланган:

  • Туркия ҳокимият органларига хабар бериш. Ташкилотчилар тадбир ўтказилиши ҳақида маҳаллий ҳокимият органларини 48 соат олдин хабардор қилишлари шарт;
  • Ташкилотчиларнинг мажбуриятлари. Ташкилотчилар тадбирнинг тинч ўтишини таъминлаши ва жамоат тартибини бузишнинг олдини олишлари шарт.

Билдирилишича, белгиланган тартибларга риоя этилмаган ҳолатда, яъни хабар берилмаган ёки белгиланган қоидаларни бузган ҳолда ўтказилган тадбирлар учун ташкилотчилар ва иштирокчиларга нисбатан маъмурий ёки жиноий жазо чоралари қўлланиши мумкин. Ҳар бир шахс ёки гуруҳ судга мурожаат қилиши мумкиндир.

“Истанбул суд биносининг кучайтирилган тартибда қўриқланадиган объект эканлигини инобатга олган ҳолда, фуқароларимизни турли йиғилиш ва намойишлар ўтказишдан ҳамда уларга тарғиб қилишдан тийилишга чақирамиз”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси Туркия фуқароси Уммухон Ўзден исмли қиз стендап чиқишларидан бирида омма олдида ўзбек аёлларига нисбатан ҳақоратомуз сўз ишлатганига муносабат билдирганди. Бош консулхонага кўра, Ўзден томонидан билдирилган салбий фикрлар унинг шахсий қарашлари бўлиб, бу қардош турк халқининг ўзбек миллатига нисбатан муносабатини англатмайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Ўзбекистон фуқаролари Уммухон Ўзден

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг