Туркиядаги ўзбекистонликлар огоҳлантирилди
Олам
−
24 Октябрь
6598Кеча, 23 октябрь куни Анқарада содир бўлган терактдан сўнг Туркиядаги Ўзбекистон фуқаролари огоҳлантирилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси маълум қилди.
Қайд этилишича, Бош консулхона томонидан Туркия ИИВ Полиция ташкилоти вакиллари билан маслаҳатлашув ўтказилган ва 23 октябрь куни Анқара шаҳрида содир этилган террорчилик ҳужуми ва хавфсизлик нуқтаи назаридан Туркиянинг барча ҳудудларида жамоат хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари кучайтирилганлиги ўрганилган.
Шу муносабат билан, ўзбекистонликлардан жамоат жойларида хушёрликни ошириш ва эҳтиёт чораларини кўриш, айниқса аэропорт, темир-йўл вокзали, автошоҳбекат, кемалар станцияларида, метро ва бошқа жамоат транспортида хавфсизлик қоидаларига амал қилишлари сўралмоқда.
Бундан ташқари, Туркиядан чиқиб кетиш арафасида бўлган фуқаролардан аэропортларга учиш учун қайддан ўтиш (регистрация) вақтидан камида 1 соат олдин етиб бориш, шубҳали буюмлар ва шахслар тўғрисида яқин орадаги полиция ёки хавфсизликни таъминлаш (Özel güvenlik) бўлинмалари ходимларига хабар бериш тавсия этилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Анқарадаги терактдан кейин Туркияда хавфсизлик чоралари кучайтирилиб, террористик гуруҳларнинг аэропортларда терактлар уюштириш режалари сабабли хавф даражаси тўқ сариқ даражага кўтарилган эди.