Туркия аэропортларида хавфсизлик чоралари кучайтирилди
Олам
−
24 Октябрь
2365Кеча, 23 октябрь куни Анқарада юз берган терактдан кейин Туркиянинг барча аэропортларида хавф даражаси тўқ сариққа кўтарилди. Бу ҳақда “Hürriyet” хабар берди.
“Анқарадаги терактдан кейин Туркияда хавфсизлик чоралари кучайтирилди... Террористик гуруҳларнинг аэропортларда терактлар уюштириш режалари сабабли хавф даражаси тўқ сариқ даражага кўтарилди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, аэропорт ҳудудига кираётган автомобиллар синчковлик билан текширилмоқда. Шунингдек, хавфсизлик ходимлари йўловчиларнинг ҳужжатларини ҳам кўздан кечиряпти.
Сабиҳа Гўкчен номли Истанбул халқаро аэропорти эса йўловчиларга аэропортдаги қўшимча текширувлар ҳақида огоҳлантириб, жўнашдан камида уч соат олдин етиб келишни тавсия қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 23 октябрь куни Анқарада Туркиянинг ҳарбий самолётлар ва космик ускуналар ишлаб чиқарувчи “TUSAŞ” корпорацияси биноси яқинида теракт содир бўлган эди. Терактни уюштирган икки нафар террорчи ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан йўқ қилинган. Анқара Бош прокуратураси теракт юзасидан тергов бошлаган. Ҳодиса оқибатида беш киши ҳалок бўлган, 22 киши жароҳатланган. Туркия ҳукумати Анқарадаги терактни “Курдистон ишчилар партияси” (Туркияда тақиқланган террористик ташкилот) аъзолари амалга оширган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.