Туркиядаги ўзбекистонликлар диққатига! Кучли рейд бошланди

Олам

image

Туркиядаги энг кўп ўзбекистонликлар яшайдиган Истанбул шаҳрида кеча, 4 август куни хавфсизлик рейди ўтказилди. Бу ҳақда “TRT Haber” хабар берди.

Маълум қилинишича, Истанбулда ўтказилган “Тинч Истанбул” (Huzur İstanbul) операцияси давомида 819 киши, жумладан, қидирувда бўлган 396 нафар гумондор ушланган. Операция доирасида 315 909 нафар шахс текширилган, кўплаб қурол-яроғ ва гиёҳванд моддалар мусодара қилинган, шунингдек, йўл ҳаракати қоидаларини бузганларга 3,4 миллион турк лираси миқдорида жарима солинган.

Истанбулда ўтказилган “Huzur İstanbul” операцияси давомида турли жиноятларда қидирувда бўлган 396 нафар гумондор билан бирга жами 819 киши қўлга олинган.

Маълумот учун, “Huzur İstanbul” – бу Туркия Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Истанбул полиция бошқармаси томонидан шаҳарда жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида мунтазам равишда ўтказиладиган кенг кўламли, комплекс хавфсизлик рейдлари ҳисобланади.

4 август куни Истанбул Жамоат хавфсизлиги бошқармаси мувофиқлигида ўтказилган операция икки босқичда амалга оширилган.

Биринчи босқич соат 20:00 дан 22:00 гача 195 та назорат пунктида 1 209 нафар ходим иштирокида стационар йўл текширувлари ўтказилган. Операцияга полиция вертолёти ҳамда Денгиз порти бошқармасига қарашли 5 та катер ҳам жалб этилган. Иккинчи босқичда эса соат 22:00 дан 23:59 гача 1 104 нафар ходим иштирокида жамоат жойларида текширувлар ўтказилган.

Операция доирасида Умумий ахборотни йиғиш тизими орқали 315 909 нафар шахс текширилган. Оқибатда турли жиноятлар бўйича қидирувда бўлган 396 нафар гумондор билан бирга жами 819 киши ушланган.

Текширувлар давомида рўйхатдан ўтмаган 18 та тўппонча, 4 та ов милтиғи, 4 та газли тўппонча, 180 дона ўқ-дори, 607 грамм гиёҳванд модда, 618 дона гиёҳвандлик таблеткаси, шунингдек, гиёҳванд моддалар савдосидан олингани тахмин қилинаётган 5 405 турк лираси ва 200 АҚШ доллари мусодара қилинган.

Ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан 519 та жамоат фойдаланишидаги объект текширилган, улардан 5 тасига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Йўл ҳаракати назоратлари давомида 41 292 та автомобиль ва 2 040 та мотоцикл текширилган. Унда 2 528 та автомобиль ва мотоцикл ҳамда 67 нафар ҳайдовчига нисбатан баённома тузилган, 2 та автомобиль эса эксплуатациядан четлаштирилган. Қоидабузарлик содир этган ҳайдовчиларга жами 3 461 014 турк лираси миқдорида маъмурий жарима қўлланилган.

Маълумот учун, ўзбекистонликлар Туркияда 90 кун давомида визасиз юриш имкониятига эга. 90 кундан ошгандан кейин улар мамлакатнинг миграция органларидан рўйхатдан ўтиши зарур.

Туркияда қанча ўзбекистонлик истиқомат қилмоқда?

Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасининг QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича, ҳозирда 130 мингга яқин ўзбекистонлик Туркияда истиқомат қилмоқда. Улардан 80 минг нафари мамлакатда қонуний тарзда яшайди. Қолган 50 мингга яқин фуқаро ноқонуний равишда истиқомат қилмоқда.

Таққослаш учун, жорий йилнинг февраль ойида QALAMPIR.UZ эълон қилган статистикада Туркияда 130 минг фуқаро истиқомат қилиши қайд этилган эди. Ўша вақтда мамлакатда яшаш ҳуқуқини олган фуқаролар сони 60 минг кишини ташкил қилган. Шунингдек, 70 минг нафар киши эса ноқонуний тарзда яшаган.

Демак, Туркияда йилнинг ярмига келиб мамлакатда яшаш ҳуқуқини олган ўзбекистонликлар сони 20 минг кишига ортган, ноқонуний яшовчилар сони эса нақд 20 минг нафарга камайган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Ленинград вилояти Новоселе посёлкасидаги қурилиш майдонларида мигрантларга қарши рейдлар бўлиб ўтган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг