Эски муаммo, янги қурбон. Туркиядаги лицейда яна отишма бўлди

Таҳлил

Reklama
0:00

Бола оиладан кейин ўзини энг хавфсиз ҳис қилиши керак бўлган жой мактаб. Аммо Туркияда сўнгги ойларда таълим муассасаларида содир бўлаётган қуролли ва пичоқли ҳужумлар бу тасаввурни жиддий синовдан ўтказмоқда. Ўқувчиларнинг қурол билан мактабга киришининг ўзи даҳшатли. Ўқитувчилар ўз ўқувчилари томонидан отиб ўлдирилиши эса ундан-да даҳшатли. Англаганингиздек, Туркияда мактаб хавфсизлиги ва ёшлар орасидаги зўравонлик муаммоси яна кун тартибига чиқди. Яқин дақиқалар ичида шулар ҳақида гаплашамиз.

Лицейда қуролли ҳужум

Навбатдаги ҳодиса бугун, 22 сентябрь куни Маниса вилоятининг Тургутлу туманида содир бўлди. Инжи Узмез касб-ҳунар ва техник Анадўлу лицейи олдида қуролланган шахс атрофга ўқ узган. Маниса вилояти ҳокимлиги дастлаб 8 киши яраланганини маълум қилган бўлса, кейинги хабарларда жароҳатланганлар сони камида 11 нафарга етгани айтилмоқда. Гумонланувчи қўлга олинган, ҳодиса юзасидан тергов бошланган.

Дастлабки маълумотларга кўра, гумонланувчи 9-синф ўқувчиси бўлган. У бувисининг уйидан олинган ов милтиғидан фойдалангани айтилмоқда. Ҳозирча ҳужум сабаби расман аниқланмаган, тергов доирасида мактабдаги зўравонлик эҳтимоли ҳам кўриб чиқилмоқда.

Бу Туркияда йил давомида таълим муассасаларида содир бўлган биринчи шундай ҳодиса эмас.

Ўқитувчи ўз ўқувчиси томонидан ўлдирилди

Жорий йилнинг 2 март куни ҳам бутун Туркияни ларзага солган воқеа содир бўлганди. Истанбулнинг Чекмекўй туманидаги Бўрса Истанбул касб-ҳунар ва техника Анадўлу лицейида 17 ёшли ўқувчи мактаб ичида пичоқ билан ҳужум уюштирган. У 44 ёшли биология фани ўқитувчиси Фотима Нур Челик ҳамда яна бир ўқитувчи ва ўқувчига ҳужум қилган.

Оғир жароҳат олган Фотима Нур Челик шифохонага олиб кетилган, бироқ шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қола олмаган. Бошқа икки жабрланувчига эса тиббий ёрдам кўрсатилиб, даволанишни давом эттирган.

Маълумотларга кўра, ҳужум қилган ўқувчи аввал ҳам мактабда интизом билан боғлиқ муаммоларга сабаб бўлган. Вафот этган ўқитувчи Фотима Нур Челик ҳам бундан олдин Интизом қўмитаси йиғилишида ушбу ўқувчи ҳақида гапириб, мактабдаги хавфсизлик билан боғлиқ хавотирларини билдирган.

Ҳодисадан сўнг лицейда дарслар вақтинча тўхтатилган ва хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Воқеа юзасидан тергов бошланган, кейинчалик икки нафар таълим мансабдори лавозимидан четлаштирилган.

Июнь ойида суд мазкур ҳужумни содир этган ўқувчига нисбатан ҳукм чиқарди. У 37 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилинди.

Қайд этиш жоиз, Туркиядаги ёшлар, айниқса, ўсмир ўқувчилар орасида иқтисодий етишмовчилик, келажак хавотирлари руҳий муаммоларни келтириб чиқармоқда. Бу эса ўз навбатида ижтимоий соҳа ходимларига акс таъсир этмоқда. Мазкур ҳодиса мамлакатда сезилаётган моддий ва ижтимоий таранглик, ёшлардаги беқарорликнинг ҳосиласи дейиш мумкин.

Апрелда икки кун ичида икки ҳужум

Орадан кўп вақт ўтмай, апрель ойида Туркия мактабларида кетма-кет иккита қуролли ҳужум содир бўлди.

14 апрель куни Шонлиурфа вилоятининг Сиверек туманидаги Аҳмад Кўюнжу касб-ҳунар ва техник Анадўлу лицейида собиқ ўқувчи ўқотар қуролдан фойдаланган. Ҳужумда 16 киши, жумладан ўқувчилар ва ўқитувчилар яраланган. Ҳужум қилган шахс кейинчалик полиция томонидан қуршаб олингач, ўз жонига қасд қилган.

Эртаси куни эса Қаҳрамонмараш вилоятидаги Айсер Чалик ўрта мактабида 14 ёшли ўқувчи икки синфга қарата ўқ узган. Дастлаб 9 киши ҳалок бўлгани, 13 киши яралангани маълум қилинган, кейинчалик шифохонада яна бир жабрланувчи вафот этиб, қурбонлар сони 10 нафарга етган. Ҳалок бўлганлар орасида ўқитувчи ва ўқувчилар ҳам бор.

Шундай қилиб, 2026 йилнинг март, апрель ва сентябрь ойларида Туркиядаги таълим муассасаларида ўқитувчи ва ўқувчилар иштирокидаги бир неча жиддий зўравонлик ҳолатлари қайд этилди.

Муаммо фақат қуролдами?

Бу ҳодисаларни биргина сабаб билан изоҳлаш қийин. Ҳужумларнинг мотивлари ҳам бир-биридан фарқ қилади ва айримлари бўйича тергов ҳануз давом этмоқда. Шу сабабли уларни бевосита иқтисодий қийинчилик ёки руҳий муаммоларнинг оқибати деб баҳолаш учун етарли асос йўқ.

Бироқ кетма-кет содир бўлаётган воқеалар Туркияда ёшлар билан ишлаш, мактабларда хавфсизлик, зўравонликнинг олдини олиш ва ўқувчиларнинг муаммоларини эрта аниқлаш масалаларини муҳокама қилишга сабаб бўлмоқда.

Айниқса, қуролларнинг вояга етмаганлар қўлига қандай тушаётгани муҳим саволлардан бири бўлиб қолмоқда. Апрелдаги Қаҳрамонмараш ҳужумида ишлатилган қуроллар ҳужум қилган ўқувчининг отасига тегишли бўлгани айтилган. Сентябрь ойидаги Маниса ҳужумида эса қурол бувисининг уйидан олингани ҳақида маълумот берилди.

Демак, масала фақат мактаб даражасидаги назорат билан чекланмайди. Оилада қурол сақланиши, мактабдаги хавфсизлик, ўсмирлар орасидаги зўравонлик, руҳий ва ижтимоий муаммоларни ўз вақтида аниқлаш каби бир нечта омил биргаликда кўриб чиқилиши керак.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг