Туркияда жанозага келган одамларни юк машинаси босиб қолди (видео)
Олам
−
09 Сентябрь 2023
12378Туркиянинг Қаҳрамонмараш вилоятида юк машинаси дафн маросимига йиғилганларни босиб қолди. Бу ҳақда “ТRТ Haber” хабар берди.
Маълум қилинишича, Қаҳрамонмараш–Андирин йўналишида ҳаракатланиб кетаётган юк машинаси Кавакли қабристонида ёнидан ўтаётганда тормоз қисмидаги носозлик сабаб бошқарувни йўқотган ва шу пайт жанозага йиғилган одамларнинг устига йиқилган. Оқибатда 4 киши воқеа жойида ҳалок бўлган, яна 25 нафар одам жароҳатланган.
Адлия вазири Йилмаз Тунчга кўра, мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳайдовчи эҳтиёт чораси сифатида ҳибсга олинган.
“Ҳодиса юзасидан суд тергови қўзғатилиб, воқеа кўлами инобатга олинган ҳолда икки нафар прокурор тайинланди ва гумонланувчи қамоққа олинди. 4 киши ҳалок бўлган, 25 киши турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Қурбонлар сони ортмайди, деган умиддамиз”, дейди Йилмаз Тунч.
Воқеага бевосита гувоҳ бўлганларнинг билдиришича, юк машинаси йўлнинг тепаликка чиқиб қайрилиш қисмида бошқарувни йўқотиб, аввалига йўл четидаги 3-4 та автомобилга бориб урилган. Машиналар эса жаноза намозига сафланаётган юзлаб одамлар томонга юриб кетган. Юк машинаси ҳаракатни давом эттириб, одамлар устига йиқилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркиянинг марказий қисмидаги Ёзгат вилоятида йўловчи автобусининг ҳалокатга учраши оқибатида 12 киши ҳалок бўлгани ва 19 нафар одам жароҳатлангани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Анталия шаҳрида сайёҳлик микроавтобуси ва юк машинаси тўқнашиши оқибатида 2 киши ҳалок бўлиб, 12 киши тан жароҳати олганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь