Туркияда Зевс ибодатхонаси харобалари топилди
Олам
−
15 Ноябрь 2992 2 дақиқа
Олимлар Туркиянинг Анталия провинциясида жойлашган қадимий Лимира шаҳри ҳудудида 43 йилдан бери қидириб келинаётган Зевс ибодатхонаси қолдиқларини топди. Бу ҳақда “Anadolu” хабар берди.
Қайд этилишича, ибодатхона ҳақида фақатгина ёзма манбаларда мавжуд бўлиб, олимлар 1982 йилдан бери уни қидириб келаётган эди. Лимира — Ликия цивилизациясининг энг қадимий шаҳарлардан бири бўлиб, Тўчак тоғи этагида, Финике туманидан 9 километр шимоли-шарқда жойлашган. Шаҳар бир вақтлар Ликиянинг пойтахти бўлган, Византия даврида эса муҳим диний марказ саналган.
Бу ерда тошга ўйилган қабристонлар, сақланиб қолган мудофаа деворлари, Периклес ҳужраси, 6 минг ўринли театр, Рим ҳаммомлари, Птолемаён ёдгорлиги, устунли марказий кўча ва Гай Юлий Цезарга бағишланган мақбара бор.
Қазишмалар Австрия археология институти билан ҳамкорликда, доцент Қудрат Сезгин бошчилигида олиб борилмоқда. У ибодатхонанинг аниқ жойлашуви топилгани ва унинг катта қисми ҳозирда қазиб ўрганилаётганини таъкидлади.
“Ибодатхона борлиги маълум, лекин қаерда экани номаълум эди”, дейди у.
Сезгининг айтишича, Лимиранинг шаҳарга айланиши тахминан 2,400 йил аввал бошланган. 2023 йилда эса у “Келажак учун мерос” лойиҳасига киритилган.
“Биз бу йил ишни бошлашимиз билан жуда муҳим топилмага дуч келдик. 1982 йилдан бери фақат ёзма манбалардан маълум бўлган, аммо жойи номаълум бўлган ибодатхона топилди. Археологик далиллар асосида бу Классика даври (эрамиздан аввалги VIII ва милодий V асрлар)да қурилган Зевс ибодатхонаси экани аниқ бўлди. Манбаларда Зевс бу шаҳар учун эллинистик ва Рим даврида бош худо бўлгани ёзилган”, дейди Қудрат Сезгин.
Олимларнинг айтишича, ибодатхонанинг шарқий кириш қисми ва олд деворлари очилган. Унинг олд фасади 15 метр кенгликда бўлган. Византия даврида ибодатхона устига қалъа девори қурилган. Ибодатхонанинг асосий қисми эса хусусий мулкдаги апельсин боғи остида жойлашган. Ер давлат томонидан сотиб олингач, қазишмалар давом эттирилади.
Ибодатхонадан топилган сопол буюмлар Лимиранинг узлуксиз яшаб келган тарихи 5 минг йил аввалга бориб тақалишини кўрсатган. Шунингдек, бу топилма шаҳар режасига доир аввалги қарашларни ўзгартирди: илгари “Рим кўчаси” остида топилган монументал дарвоза энди ибодатхона ҳудудига кириш жойи экани аниқланди. Олдин ҳимоя девори деб ўйланган девор эса аслида ибодатхона мажмуасининг чегараси бўлиб чиқди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти археологлари томонидан Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳомийлигида амалга оширилаётган археологик қазишмаларнинг навбатдаги кунида ноёб топилма – милодий 10-11 юзйилликларга оид деворий суратлар аниқланганди.