Одам савдоси билан шуғулланган аёл Туркияда ушланди

3-саҳифа

image

Ўзбекистонда фирибгарлик жиноятини содир этиб, 6 йилдан буён қидирувда бўлган ҳамда одам савдоси билан шуғулланган Ўзбекистон фуқаролари Туркияда қўлга олиниб, мамлакатга қайтарилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси хабар берди.

Маълум қилинишича, аёл Ўзбекистонда фирибгарлик жиноятини содир этиб, 6 йилдан буён қидирувда бўлган. У Ўзбекистон ва Туркия Ички ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорликда олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Туркияда қўлга олиниб, Ўзбекистонга қайтарилган.

Мазкур шахс фуқароларни хорижий давлатларга ишга юбориш бўйича тегишли лицензияга эга бўлмаган ҳолда уларни АҚШ ва Европа давлатларига юқори маошли ишларга юборишни ваъда қилиб, уларнинг ишончига кирган ҳамда катта миқдордаги маблағларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Шунингдек, 135-модда (одам савдоси) жиноятини содир этиб қочиб юрган яна бир нафар шахс ушланиб, Ўзбекистонга қайтарилган.

“Ўзбекистон ва Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ўртасидаги самарали ҳамкорлик натижасида ҳозирда яна бир нечта қидирувдаги шахсларни аниқлаш, ушлаш ва Ўзбекистонга қайтариш бўйича тегишли процессуал ҳамда тезкор-қидирув тадбирлари давом эттирилмоқда”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда гиёҳванд моддалари савдоси билан шуғулланиб, ҳуқуқ-тартибот органларидан яшириниш учун чет элда қочиб юрган қидирувдаги 37 ёшли шахс АҚШда қўлга олинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

фирибгарлик одам савдоси Туркия Ўзбекистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг