Туркияда вайроналар остида қолган таниқли футболчининг ҳолати бўйича маълумот берилди
Спорт
−
07 Февраль 2023
27671Туркиянинг “Ҳатайспор” клуби бош мураббийи Мустафо Озат, жамоа футболчиси Кристиан Атсу Туркиядаги зилзилалардан кейин вайроналар остидан топилганини айтди. Бу ҳақда “Radyogol” хабар берди.
Маълум бўлишича, спортчи табиий офатдан кейин биноларнинг қулаши натижасида жароҳат олган.
“Кристиан Атсу яраланган ҳолда топилди. Спорт директоримиз Танер Савут, афсуски, ҳануз вайроналар остида. ”, дейди Мустафо Озат.
Қайд этилишича, жароҳат олган Атсу зудлик билан касалхонага ётқизилган.
Маълумот ўрнида, Кристиан Атсу 1992 йилда Ганада туғилган.
Кристиан Европада “Челси”, “Ньюкасл”, “Эвертон” ва бошқа бир қатор клубларда тўп сурган.
Эслатиб ўтамиз, 6 февраль куни Туркияда 7,4 (баъзи манбаларда 7,9) магнитудали кучли зилзила содир бўлган эди. Охирги маълумотларга кўра, 3281 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, яна 20 426 киши эса жароҳатланган.