Туркияда ўзбекистонлик эркак 40 марталик умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди
Олам
−
09:31
11404Туркия Олий суди Истанбулдаги Рейна тунги клубига уюштирилган терактни амалга оширган Абдулқодир Машариповга нисбатан 2020 йилда чиқарилган 40 марталик умрбод қамоқ жазоси ҳукмини тасдиқлади. Суд айбланувчининг илтимосномаларини кўриб чиқиб, ҳукм қонунга зид эмас, деган қарорга келган. Бу ҳақда CNN Türk телеканали хабар берди.
Суд ҳукмига кўра, Машарипов 39 кишини қасддан ўлдириш ва 79 кишини ўлдиришга суиқасд қилишда айбдор деб топилган. 2020 йил сентябрь ойида суд уни ҳар бир моддага кўра 40 марталик оғирлаштирилган умрбод қамоқ жазосига ва қўшимча равишда 1 368 йил қамоқ жазосига ҳукм қилган. Олий суд теракт иши бўйича турли муддатларга ҳукм қилинган яна 31 маҳкумнинг шикоят аризаларини ҳам кўриб чиқиб, уларнинг ҳукмларини ўзгаришсиз қолдирган.
Маълумот учун, 2017 йилнинг 1 январига ўтар кечаси Истанбулнинг Ортакўй туманидаги Рейна тунги клубида содир этилган теракт оқибатида 39 киши ҳалок бўлган, уларнинг 16 нафари хорижлик эди. Қурбонлар орасида Россия, Иордания, Марокаш, Саудия Арабистони, Ливан, Ливия ҳамда Исроил фуқаролари бўлган.
Терактни ўзбекистонлик Абдулқодир Машарипов амалга оширгани аниқланиб, у кўп ўтмай Истанбул туманларидан бирида қўлга олинган. Ушбу ҳужум учун жавобгарликни “Ислом давлати” халқаро террорчилик ташкилоти ўз зиммасига олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистоннинг Ўш вилоятида 28 ёшли Ўзбекистон фуқароси ижтимоий тармоқлар орқали экстремистик материалларни тайёрлаш ва тарқатишда гумонланиб қўлга олинган эди. Интернетни мониторинг қилиш ва таҳлил қилиш бўйича олиб борилган тезкор тадбирда ўз саҳифаларида экстремистик ва террористик мазмундаги материалларни эълон қилган TikTok ва Instagram платформаларининг фаол фойдаланувчиси ҳақида маълумотлар олинди.
Экспертиза материаллари мамлакат ҳудудида тақиқланган “Ислом давлати” халқаро террорчилик ташкилотига тегишли эканини кўрсатган.