Қирғизистонда экстремистик материалларни тайёрлаган ва тарқатган ўзбекистонлик ушланди (видео)
Олам
−
21 Январь
5333Қирғизистоннинг Ўш вилоятида 28 ёшли Ўзбекистон фуқароси ижтимоий тармоқлар орқали экстремистик материалларни тайёрлаш ва тарқатишда гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда мамлакатнинг Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабар берди.
Интернетни мониторинг қилиш ва таҳлил қилиш бўйича олиб борилган тезкор тадбирда ўз саҳифаларида экстремистик ва террористик мазмундаги материалларни эълон қилган TikTok ва Instagram платформаларининг фаол фойдаланувчиси ҳақида маълумотлар олинди.
Экспертиза материаллари мамлакат ҳудудида тақиқланган “Ислом давлати” халқаро террорчилик ташкилотига тегишли эканини кўрсатган.
Махсус хизматлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар аниқлаган маълумотларга кўра, гумонланувчи 1997 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси Ш.Н.Ш. экани маълум бўлди. У жиҳод характеридаги аудио “нашида”ларни аёлларнинг диний бош кийими – “ниқоб”ни реклама қилган видеога жойлаб ижтимоий тармоқларда реклама қилган ва сотган.
Тўпланган материаллар Қирғизистон Жиноят кодексининг 332-моддаси (экстремистик материалларни тайёрлаш, тарқатиш)да назарда тутилган жиноят аломатлари бўйича жиноятларнинг ягона реестрида рўйхатга олинди. Ҳозирда аёл вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳрида “Ҳизб ут-Таҳрир” экстремистик ташкилотининг йирик бўлинмаси, жумладан, унинг раҳбарлари ҳамда 22 аъзоси қўлга олинганди.
LiveБарчаси