Туркияда Россия ва АҚШ вакиллари ўртасида ёпиқ музокаралар бошланди (видео)

Олам

image

Бугун, 27 февраль куни Туркияда жойлашган Истанбул шаҳрида Россия ва АҚШ вакиллари ўртасида ёпиқ форматдаги музокаралар бошланди. Бу ҳақда “Gazete Pencere” хабар берди.

Қайд этилишича, Истанбулда ўтказилиши режалаштирилган учрашув маҳаллий вақт билан соат 10:00 да бошланган.

“АҚШнинг Истанбулдаги Бош консуллиги қароргоҳидаги учрашувлар матбуотга ёпиқ тарзда ўтказилмоқда”, дейилади хабарда.

РИА Новости нашрига кўра, учрашув давомида икки давлат вакиллари ўз элчихоналари фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилади.

”Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг айтишича, томонлар икки давлат дипломатик ваколатхоналари фаолиятига тааллуқли бир қатор муаммоли масалаларни муҳокама қилишни режалаштирмоқда. Йиғилишда юқори даражали экспертлар АҚШнинг собиқ президенти Жо Байденнинг аввалги маъмурияти томонидан яратилган тизимли муаммоларни ҳам кўриб чиқади. Украинадаги можаро ва музлатилган Россия активлари мавзулари муҳокама қилинмайди”, дейилади рус нашрида.

Эслатиб ўтамиз, ушбу учрашувнинг биринчи босқичи 18 февраль куни Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтганди. Америка ва Россия делегациялари ўртасидаги музокаралар доирасида АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ва Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров учрашди. Давлат котиби Рубио билан бирга Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Майк Уолтц ва Трамп томонидан икки томонлама муносабатларни қайта тиклаш учун танланган махсус элчи Стив Уиткофф ҳам иштирок этган. Лавровга эса Россия Президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков ҳамроҳлик қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Истанбул Туркия Сергей Лавров музокара

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг