Туркияда одам ўлдиришга уринган 13 яшар бола ўзбекистонлик эмас – Бош консулхона
Олам
−
27 Август 2025 5769 1 дақиқа
Кеча, 26 август куни 13 яшар ўзбекистонлик бола Туркияда опасининг 26 ёшли севгилисига уйининг олдида пичоқ билан оғир тан жароҳати етказгани хабар қилинганди. Ушбу хабарлар ортидан Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси муносабат билдирди.
Бош консулхона дипломатлари томонидан ўрганишлар натижасида аниқланишича, мазкур ҳолат жорий йил 22 август куни Истанбулдан 521 км олисдаги Оқсарой вилоятида содир бўлган.
“Воқеа иштирокчиларининг ҳеч бири Ўзбекистон Республикаси фуқароси эмас, улар бошқа давлат фуқаролари ҳисобланади. Айбланувчи 2012 йилда туғилган С.Т., жабрланувчи эса 2000 йилда туғилган М.О.”, дейилади хабарда.
Бош консулхона баъзан бошқа давлат фуқаролари томонидан содир этилган жиноятлар айрим ОАВда Ўзбекистон фуқаролари билан боғланган ҳолда ёритилиши мамлакат фуқаролари имижига салбий таъсир этаётганини қад этган.
“Ватандошларимиздан маҳаллий қонунларга қатъий риоя этишлари, фавқулодда ҳолатларда эса Бош консулхонага мурожаат қилишлари тавсия этилади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 август куни Туркиянинг ўзбекистонликлар энг кўп истиқомат қиладиган мегаполиси Истанбулнинг Умрание туманида ўзбекистонлик 33 яшар Нигина Сатторова турмуш ўртоғи Умид Сатторов томонидан бўғзидан пичоқлаб ўлдирилгани ҳақида хабар берилган эди. Марҳума Ўзбекистоннинг Самарқанд вилоятидан бўлган ва Истанбулда вақтинчалик меҳнат фаолияти билан шуғулланиб келган.