Туркияда “Чуқур” сериали юлдузи қўлга олинди
Маданият-санъат
−
14:39 6086 2 дақиқа
Туркиянинг Бакиркўй тумани прокуратураси гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси бўйича 18 кишини ушлаб туриш ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда маҳкама матбуот хизматига таяниб, TRT Haber хабар берди.
Қайд этилишича, хабар эълон қилинган вақтга келиб полициячилар 15 кишини ушлаган. Улар орасида ўзбекистонлик томошабинларга “Муҳташам юз йил” ва “Чуқур” сериаллари орқали таниш бўлган актёр Арас Булут Ийнемли ҳам бор.
Назорат органи маълумотларига кўра, бугун, 18 сентябрь куни Истанбул жандармериясига иш бўйича гумонланувчиларга – актёрлар, хонандалар, тадбиркорлар, кўнгилочар масканлар эгалари ва блогерларга нисбатан қўлга олиш, тинтув ва биологик экспертизалар ўтказиш топширилган. Шундан сўнг, улар кўрсатма бериш учун прокуратурага олиб борилиши зарур.
Маълумот учун, Арас Булут Ийнемли – таниқли турк актёри. У “7-бўлмадаги мўъжиза” фильми, шунингдек “Чуқур” ва “Муҳташам юз йил” сериаллари орқали дунёга машҳур бўлган.
Ийнемлидан ташқари, гумонланувчилар рўйхатига актриса Мелис Сезен, собиқ футболчи Ҳасан Шаш ва рэпер Сефо (Сейфуллаҳ Сағир) ҳам киритилган. Аввалроқ, ушбу тергов доирасида хонандалар Сила Генчўғли ва Илёс Ёлчинтош, шунингдек продюсер Фотиҳ Аксойнинг хонадонида тинтув ўтказилган. Улардан биологик намуналар олинган, Ёлчинтошнинг ўзи эса кейинчалик ишнинг бошқа уч нафар фигуранти билан бирга ҳибсга олинган.
“Hürriyet” нашрининг ёзишича, ишда актрисалар Афра Сарачўғли ва Нилпари Шаҳинкая, шунингдек журналист Яғиз Сабунжуўғли ҳам иштирок этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йилнинг февраль ойида Истанбул Республика Бош прокуратураси ҳузуридаги Контрабанда, наркотик ва иқтисодий жиноятларни тергов қилиш бюроси томонидан олиб борилган тергов доирасида 17 киши ҳибсга олинганди. Уларнинг орасида бир нечта машҳур номлар ҳам бор эди.
Март ойида эса турк актрисаси ва модели Ҳанде Эрчел ҳам гиёҳванд моддалар бўйича айбловларни рад этганди. У прокуратурада кўрсатма бериш чоғида ҳаётида ҳеч қачон тақиқланган моддаларни истеъмол қилмаганини айтган.
Live
Барчаси