Туркияда Беруний ҳақида фильм ва китоб яратилди. Фильмда Фатҳулла Маъсудов ҳам роль ижро этган
Маданият-санъат
−
10 Сентябрь 2020
10979Туркияда Абу Райҳон Беруний ҳақида китоб ва ҳужжатли фильм тақдимоти бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳам иштирок этди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги хабар бермоқда.
Истанбулнинг энг нуфузли университетларидан бири бўлмиш Беруний университетида ташкил этилган учрашувда Мармара фонди президенти Аккан Сувер, Беруний университети ректори Аднан Юксел, профессор Бекир Карлиға ҳамда бир қатор давлат ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Учрашув давомида Туркия ва Ўзбекистон ҳамкорлигида суратга олинган “Беруний” номли ҳужжатли фильм намойиши ҳамда турк ва инглиз тилларида чоп этилган “Беруний” китобининг тақдимоти ҳам ўтказилди. Мазкур асар ўзбек тилига таржима қилинмоқда. Ҳужжатли фильмда алломанинг болалигидан то буюк мутафаккир бўлиб етишгунга қадар бўлган давр акс эттирилган.
Мулоқот чоғида университет ректори қайд этганидек, буюк қомусий олим Абу Райҳон Беруний илм-фан соҳасида катта мерос қолдирган аллома, математика ва астрономия илмининг билимдони сифатида Шарқ ва Ғарбда эъзозланади. Шунинг учун ҳам буюк мутафаккир ҳақида ҳали кўплаб илмий ижодий асарлар, ҳужжатли ва бадиий фильмлар суратга олинади, унинг илмий асарлари талабалар, профессор олимлар томонидан чуқур ўрганилади.
Шу ўринда Маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳам кўрсатилган юксак эҳтиром, илиқ дўстона муносабатлардан мамнун эканлигини билдирган.
“Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ва яқин дўстлик ришталарининг мустаҳкамланганлиги, икки давлат раҳбарларининг бир-бирига қўл бергани, биз ижодкорлар учун ҳам жуда катта ҳамкорлик эшикларини очди. Бу маданий ва маърифий соҳадаги фаолиятимиз бизнинг қардош ва биродар миллат бўлиб, биргаликда бошлаган катта эзгу ишларимизнинг дебочасидир. Халқингиз билан қиладиган ишларимиз ҳали жуда кўп. Бугун турк дунёси ўзининг “Мен”ини айта бошлади. Жаҳон тараққиётида, ислом цивилизациясида, илмий маданиятнинг юксалишида, бутун туркий халқлар бир овоздан “Мен” дейиши йўлида Ўзбекистоннинг улуши жуда катта. Ва бу турк дунёси учун манфаатлидир”, дейди Назарбеков.
Эслатиб ўтамиз, “Беруний” ҳужжатли фильмида Берунийнинг болалигигни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатҳулла Маъсудовнинг ўғли ижро этган. Марҳум актёр ушбу фильмда Хоразмшоҳ Султон образида гавдаланади.