Туркияда 500 нафар кончи норозилик сифатида ўзларини конга қамаб қўйди
Олам
−
22 Ноябрь
1877Жорий йилнинг 20 ноябрь куни Туркияда 500 га яқин кончи ер остига тушиб, Чайирхон иссиқлик электр станцияси (ИЭС)нинг кончилик участкалари хусусийлаштирилишига қарши намойиш сифатида ер остига ўзларини қамаб қўйди. Бу ҳақда “Cumhuriyet” хабар берди.
Маълум бўлишича, Анқара вилоятининг Наллихон туманида Чайирхон ИЭС ва Чайирхон қўнғир кўмир корхонаси фаолиятида қўлланилаётган кўчма ва кўчмас мулкни хусусий секторга бериш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Бу қарорга қарши чиққан 500 туркиялик кончи ер остига қамалган. Уларга кўра, ИЭСни хусусий компанияларга топшириш меҳнат шароитларининг ёмонлашиши, иш ўринларининг қисқариши ва ижтимоий кафолатларнинг йўқолишига олиб келиши мумкин. Улар масалани қайта кўриб чиқиш ва корхонани давлат мулки сифатида сақлаб қолишни талаб қилмоқда.
“Биз оғир шароитларда ишлаймиз, хусусийлаштириш нафақат иш ўринларимизни, балки умуман конлардаги хавфсизликни ҳам хавф остига қўяди”, деди намойиш иштирокчиларидан бири.
Кончиларнинг ҳаракатлари маҳаллий касаба уюшмалари эътиборини тортган ва уларнинг талабларини қўллаб-қувватлаган. Касаба уюшмалари вакилларига кўра, бу вазият мамлакатнинг кончилик соҳасидаги умумий муаммосини акс эттиради. Чунки хусусийлаштириш аксар ҳолларда меҳнат шароитлари ҳисобига харажатларни қисқартириш билан кузатилади.
Ҳукумат ҳозирча вазиятга изоҳ беришдан бош тортган, аммо намойишчиларни мулоқотга чақирмоқда. Шу билан бирга, кончилар талаблари бажарилмагунча намойишни тўхтатиш ниятида эмаслигини билдирмоқда.