Туркияда 16 ёшга тўлмаганларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланди
Олам
−
16 Сентябрь 2025 2306 2 дақиқа
Туркия ҳукумати ижтимоий тармоқларда 16 ёш чегарасини белгилаш ва 18 ёшгача бўлган болаларга нисбатан жазоларни қайта тартибга солишга доир чора-тадбирларни якунлади. Бу ҳақда NTV хабар берди.
Маълум қилинишича, лойиҳадаги бешта турли қонунда ўзгартиришлар киритилиши кўзда тутилган бўлиб, жами 17 моддадан иборат пакет тайёрланган. Ушбу пакет икки асосий блокни ўз ичига олади: “Болалар жиноятчилигига қарши курашга оид тартиблар” ва “Болаларни рақамли таҳдидлардан ҳимоя қилишга оид тартиблар”.
Рақамли хавфлардан ҳимоя қилиш доирасида ижтимоий тармоқ хизмат кўрсатувчи операторлар 15 ёшни тўлдирмаган болаларга хизмат кўрсатмаслиги назарда тутилган, яъни халқаро миқёсда фаол ишлатиладиган ижтимоий тармоқларни 16 ёшдан кичиклар ишлатолмайди.
Болалар жиноятчилигига оид қисм 15–18 ёш оралиғида жиноят содир этган шахсларни қамраб олади. Амалдаги қонунчиликка кўра, бу ёшдаги шахсларга жазо енгиллаштирилган тарзда қўлланилар эди. Янги тартибга асосан, оғир жиноятлар учун бериладиган жазо муддатлари узайтирилиши кўзда тутилмоқда: масалан, оғирлаштирилган умрбод жазо ўрнига бериладиган 24 йиллик қамоқ жазоси 27 йилгача, умрбод жазо ўрнига тайинланадиган 15 йиллик қамоқ жазоси эса 18 йилгача оширилиши мумкин.
Лойиҳада, шунингдек, жиноят қасддан ёки оғир оқибатларга олиб келган ҳолда содир этилган бўлса, ёки шахс илгари ҳам қасддан жиноят содир этган бўлса, суд жазони енгиллаштирмасликка ҳақли бўлиши назарда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирининг биринчи ўринбосари Қаниш Тулеушин Мажлисда давлат хизматчиларига ChatGPT’дан фойдаланиш тақиқланганини маълум қилганди.
Live
Барчаси