Туркия Европа Парламентининг санкциялар тўғрисидаги қарорига муносабат билдирди
Олам
−
27 Ноябрь 2020
6451Аввалроқ, Европа Парламенти Туркиянинг Кипр масаласида тутган позицияси туфайли унга қарши санкциялар қўллашни талаб қиладиган резолюцияни қабул қилгани ҳақида хабар берган эдик.
Расмий Анқара кўп куттирмай бу ҳужжатга ўз муносабатини билдирди. Туркия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ҳами Аксойга кўра, мамлакат уни нохолис ва ҳақиқатдан йироқ деб ҳисоблайди.
“Биз Европа Парламентининг мамлакатимиз ва Шимолий Кипр Турк Республикаси ҳақидаги қарорини бутунлай рад этамиз ... Ҳеч шубҳасиз, Кипрнинг юнон ҳамжамияти айтиб турганидек қабул қилинган ушбу қарор, Европа Парламентининг Кипр масаласида қанчалик нохолис ва ҳақиқатдан йироқлигини кўрсатади”, деган Аксой.
Унинг сўзларига кўра, бундай позиция Европа Иттифоқи манфаатларига, унинг Туркия билан алоқаларини яхшилашга ва Кипр муаммосини ҳал қилишга хизмат қилмайди.
“Биз Европа Парламенти ва Европа Иттифоқига Кипрдаги бор вазиятни ва у ерда турк жамоатчилигининг мавжудлигини қабул қилишни, шунингдек, Европа Иттифоқининг Кипр турклари олдидаги мажбуриятларини бажаришни таклиф қиламиз. Туркия таҳдид ва “шантаж”ларга қарамасдан ўзининг ва Кипр туркларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ва ўзаро мулоқотни кучайтиришда давом этади”, дея қўшимча қилган Аксой.
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған жорий йилнинг 15 ноябрь куни Шимолий Кипрга, яъни Фамагуста яқинида очилган Вароша кварталига ташриф буюриши Греция ва Кипр Республикаси томонидан “мисли кўрилмаган провокация” деб баҳоланди. 1974 йилда Кипр ороли бўлингандан кейин Вароша туристик квартали жамоатчилик учун ёпилган, 1984 йилга келиб эса Вароша БМТ Хавфсизлик Кенгашининг қарори билан ҳимояланган эди.
Ўша вақтда Эрдўған Кипр бўйича музокаралар оролда икки давлат мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши кераклигини айтган эди.
Европа Парламенти депутатлари эса Кипрнинг турк ва юнон ҳамжамияти учун ягона федерация келишувини талаб қилиб, Европа Иттифоқини БМТ шафелигида музокараларнинг боришда фаолроқ иштирок этишга чақирган.
Маълумот ўрнида, Кипр 1974 йилда Греция томонидан оролни ўзига қўшиб олишга уриниши натижасида Туркиянинг ҳарбий аралашувидан сўнг этник жиҳатдан бўлиниб кетган. Орол ҳудудининг 37 фоиз қисмида 1983 йил келиб Шимолий Кипр Турк республикаси тузилди. Буни фақат Туркия тан олди.
Эслатиб ўтамиз, Европа Иттифоқи давлатлари ва ҳукуматлари раҳбарлари жорий йилнинг 10-11 декабрь кунлари бўлиб ўтадиган саммитда Туркия билан муносабатларни кўриб чиқишлари кутилмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь