Туркияда 4 ёшли боланинг қорнидан 13 дона магнит олиб ташланди
Олам
−
15:09
508Туркиянинг Ёзгат вилоятида жойлашган касалхонада 13 дона магнитли мунчоқ доналарини ютиб юборган бола муваффақиятли операция қилинди. Бу ҳақда “Hurriyet” хабар берди.
Маълум қилинишича, 4 ёшли ўғил бола магнитли мунчоқларни ўйнаётган пайтида оғзига солиб, ютиб юборган. Шундан сўнг, ота-онаси тезда шифокорларга мурожаат қилган.
Қайд этилишича, ушбу маржон одамлар орасида “биле магнит” ёки “бонжук магнит” деб номланади. Ушбу ўйинчоқ магнитлари ўзининг ранг-баранг ва ширинликка ўхшаш кўриниши туфайли болалар учун хавфли ҳолатларга сабаб бўлмоқда.
“Бу магнитлар оддий магнитларга қараганда 5-10 баробар кўпроқ тортиш кучига эга. Асосан ўйин мақсадида сотиладиган бу магнитлар турли ранг ва ялтироқ кўриниши билан болаларнинг диққатини тортади ва улар томонидан ютиб юборилиши мумкин. Биз лапароскопик усулда магнитнинг жойлашган ўрнини аниқладик ва 3-4 сантиметр ичак тўқимасининг зарар кўрган қисмини олиб ташлаб, операцияни муваффақиятли якунладик. Операция давомида жами 13 дона рангли магнит олиб ташланди. Беморга ва унинг оиласига шифо тилаймиз”, деган касалхонанинг болалар жарроҳи Серкан Одабаши.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркияда 5 ёшли қизнинг ичакларидан 38 та магнит доначалари топилганди. Бурса вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан берилган баёнотга кўра, бола магнитли мунчоқни ўйнаётиб, билагузукни ютиб юборган. Вазиятни англаб етган боланинг ота-онаси шифокорга мурожаат қилган.