Туркия соҳилларида чўккан кемада қайси давлат фуқаролари бўлгани айтилди
Олам
−
17 Январь 2021
11636Аввалроқ, Туркия шимолидаши Бартин вилояти яқинида Қора денгизда Россиянинг “Arvin” юк кемаси чўкиб кетгани ҳақида хабар берган эдик.
Сўнгги маълумотларга кўра, кема экипажи аъзоларидан икки нафарининг жасади топилган. Олти киши қутқарилган.
Маҳаллий ҳокимият чўкиб кетган кемада 12 нафар Украина фуқароси бўлганини маълум қилди.
Россия Денгиз ва дарё транспорти федерал агентлиги юк кемаси бортида 12 киши, жумладан 2 нафар россиялик бўлганини таъкидламоқда.
Россиянинг Анқарадаги элчихонаси дипломатлар нима бўлганини батафсил кўриб чиқаётганини билдирди. Элчихона ходимлари чўкиб кетган кемада бўлган фуқароларга ёрдам бериш учун Бартин портига йўл олган.
Туркия ҳарбий денгиз флоти Қора денгизнинг фалокат юз берган жойига фрегат жўнатган. Маҳаллий ҳокимият кеманинг чўкишига ноқулай об-ҳаво шароитини сабаб қилиб кўрсатган.
Шунингдек, кема оператори Украинанинг Tesoro Marine компанияси экани айтилмоқда.
LiveБарчаси