Туркия осмонида яна бир Эрон ракетаси уриб туширилди (видео)
Олам
−
14:57 2590 2 дақиқа
Бугун, 13 март куни Туркиянинг Адана шаҳридаги Инжирлик ҳарбий-ҳаво базаси томон йўналтирилган ва Эронга тегишли экани даъво қилинган учинчи ракета мудофаа тизимлари томонидан ҳавода йўқ қилинди. Бу ҳақда “Cumhuriyet” хабар қилди.
Қайд этилишича, Аданада маҳаллий вақт билан тахминан соат 03:30 атрофида огоҳлантирувчи сирена овози янграган. Сирена товушлари ортидан шаҳар аҳолисида катта ваҳима юзага келган.
Хавфсизлик манбаларининг маълум қилишича, Эрондан учирилган учинчи ракета ҳавода йўқ қилинган.
Туркия Мудофаа вазирлиги ҳолат юзасидан баёнот берди. Унда айтилишича, учинчи ракета ҳам Эрон ҳудудидан отилган ва Шарқий Ўрта ер денгизида жойлашган НАТО ҳаво ва ракетага қарши мудофаа тизимлари томонидан зарарсизлантирилган.
“Мамлакатимиз ҳудуди ва ҳаво маконига қаратилган ҳар қандай таҳдидга қарши барча зарур чоралар қатъият билан ва иккиланмасдан кўрилмоқда. Ҳодисанинг барча жиҳатларини аниқлаш мақсадида тегишли давлат билан музокаралар олиб борилмоқда”, дейилади баёнотда.
Шунингдек, вазирлик миллий хавфсизлик устувор ҳисобланиб, минтақадаги барча жараёнлар диққат билан кузатилаётганини билдирган.
Олдинроқ, Эрондан Туркия томон яна, яъни учинчи ракета учирилиши эҳтимоли ҳам кўриб чиқилган. Бу ҳолатда Туркия урушга тортиб кетадиган ҳеч қандай сценарийда иштирок этмаслиги айтилган. Ҳукумат вазиятга совуққонлик ва эҳтиёткорлик билан ёндашишда, шунингдек, огоҳлантирувчи чоралар қўллашда давом этишини таъкидлаган.
Туркияда Эрон ракетаси
Жорий йилнинг 4 март куни Туркия осмонида Эрондан учирилган баллистик ракета йўқ қилинганди. Шундан сўнг, Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён қўшниларидан узр сўради ва ҳужумларни тўхтатишга ваъда берди. Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан эса Туркия осон провакацияга бериладиган мамлакат эмаслигини айтиб, Эронни кескин огоҳлантирди.
Шунга қарамай, 9 март куни Эрон томонидан отилган яна бир баллистик ракета Туркия ҳаво ҳудудида уриб туширилди. Шу куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Эронни хато қилишдан тийилишга ва қайсарлик қилмасликка чақирди.
Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи билан мазкур ҳодиса юзасидан телефон орқали мулоқот қилди. Унда Ароқчи Эроннинг ракетага алоқаси йўқлигини айтди. Ушбу ҳужумлардан сўнг Малатяга Туркияда ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш мақсадида Patriot ҳаво мудофаа тизими жойлаштирилиши айтилди.
Мазкур ҳодисалардан сўнг Туркия Эрон инкор қилган ракеталарнинг учирилиш нуқтасини аниқлади. Унга кўра, жорий йилнинг 4 ва 9 март кунлари йўналтирилган ракеталар учиш масофаси тахминан 1200 километрга эга ва ҳар иккала ракетанинг учиши Теҳрон шарқидаги ҳудуддан амалга оширилган.
Live
Барчаси