Туркия қанчалик кучли бўлса, йўлидаги тўсиқлар шунчалик кўп бўлади – Эрдўған катта нутқ сўзлади
Олам
−
21 Апрель 2021
5380Туркия нафақат террористик ташкилотларга қарши курашни давом эттиради, балки ташқи босим ва молиявий бозорларни бошқариш уринишларига ҳам қарши туради. Бу ҳақда Президент Ражаб Тойиб Эрдўған Туркиянинг ҳукмрон “Адолат ва тараққиёт” партиясининг парламент фракцияси йиғилишида сўзлаган нутқида айтиб ўтди.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, 2002 йилда “Адолат ва тараққиёт” партиясининг ҳокимият тепасига келиши билан Туркия фаол ривожланиш йўлини бошлади.
“Сўнгги 20 йил Республика тарихидаги энг самарали йил бўлди. Туркия қанчалик кучли бўлса, унинг йўлидаги босим ва тўсиқлар шунчалик кўп бўлади”, дейди Президент.
Унинг таъкидлашича, сўнгги ўн йилликларда Анқара босимга бўйсунмаган ва доимо миллий манфаатларга таянган.
Туркия Президенти Европа Иттифоқининг Анқарага берилган, лекин амалга оширилмаган ваъдаларига эътибор қаратди.
“Европа Иттифоқига қўшилиш масаласида Туркияга берилган ваъдалар иккиюзламачиликнинг яна бир кўринишидир”, дейди Эрдўған.
Эрдўғаннинг сўзларига кўра, Анқара энди ташқи кучлар етакчисига эргашмаслиги аниқ бўлганида, туркларга қарши доиралар Туркияда қулаш ва бетартиблик сценарийларини амалга оширишни бошлаган.
“Мамлакатимизга қарши турли хил террористик тузилмалар, жумладан, Фатҳуллоҳ Гуленнинг қонли ташкилоти ишлатилган. 2016 йил 15 июлда Туркияда ҳокимиятни эгаллашга уриниш қилинган. Биз ҳар бир зарбага чекиниш билан эмас, балки ривожланишдаги янги қадам билан жавоб қайтардик”, дейди Президент.
Эрдўған 2002 йилда ҳокимият тепасига келганида, Туркия Марказий банкининг захиралари атиги 27,5 миллиард долларни ташкил этгани ва бугунги кунда бу кўрсаткич 135 миллиард долларга этганини таъкидлади.
“Айнан пухта ўйланган молиявий сиёсат туфайли Туркия ҳукумати сўнгги ўн йилликларда содир бўлган иқтисодий инқирозлардан 1994 ва 2001 йилларда бўлмаган зарарни минималлаштиришга муваффақ бўлди”, дейди Президент.
Шунингдек, Эрдўған Туркия шубҳасиз 2023 йилгача бўлган давр учун белгиланган мақсадларига эришишини таъкидлади.
Туркия раҳбарининг таъкидлашича, ҳукумат иқтисодиётни рағбатлантириш, сармояларни кўпайтириш ва демократик институтларни мустаҳкамлашда давом этади.
Маълумот учун, Туркия ташқи сиёсатда Россия ва Украина ўртасидаги можарода ҳам ўз позициясини билдириб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Украина Президенти 10 апрель куни Туркияга ташриф буюрди. Музокаралар доирасида ҳарбий ҳамкорлик ҳам муҳокама қилинган.
Зеленский билан музокаралардан сўнг, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Туркия ва Украинанинг мудофаа саноати соҳасида ҳамкорлиги бошқа мамлакатларга қарши йўналтирилмаганини айтган.
Шу билан бирга, Эрдўған Қримни Россиянинг ҳудуди деб тан олмаслиги ҳамда Украинанинг НАТОга киришини қўллаб-қувватлашини маълум қилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь