Туркия Исроилнинг ҳаракатларини кескин қоралади
Олам
−
04 Июль 2023
5174Туркия Исроилнинг Ғарбий Соҳилдаги ҳаракатларини кескин қоралаб, зўравонликларни зудлик билан тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда бугун, 4 июль куни Туркия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Хоқон Фидан иорданиялик мавқедоши Айман ас-Сафадий билан Анқарада ўтказган музокараларидан сўнг маълум қилди.
“Исроилнинг фаластинлик тинч аҳолига қарши ҳаракатларини кескин қоралаймиз. Иордания билан биргаликда минтақада тинчликни таъминлаш учун ҳаракат қиламиз”, деган Фидан
Туркия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Исроил армиясининг махсус операциясини қоралаб, бу минтақада зўравонликнинг янги босқичига сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.
Маълумот учун, Исроил армиясининг йирик кучлари Женин шаҳрига кириб келганидан сўнг хавфсизлик кучлари ва фаластинликлар ўртасида қуролли тўқнашувлар бошланган. Оқибатда 10 нафар фаластинлик ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ киши жароҳатланган. Қизил ярим ой жамияти қочқинлар лагеридан юзлаб оилалар эвакуация қилинганини эълон қилган. Фаластин раҳбарияти Жениндаги ҳарбий амалиётлар муносабати билан Исроил билан барча алоқаларни тўхтатишга қарор қилган. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху эса Женинни “террорчилар бошпанаси” деб атаган ва шаҳардаги аксилтеррор операцияси мақсадларига эришилгунга қадар давом этишини айтган.
Эслатиб ўтамиз, 3 июлга ўтар кечаси Исроил армияси Женин ва шу номдаги қочқинлар лагерида кенг кўламли аксилтеррор операцияси бошланганини эълон қилганди. Операциянинг биринчи кунида Исроил ҳаво ҳужуми уюштирди. Америка Қўшма Штатлари маъмурияти эса Исроилнинг махсус операциясини қўллаб қувватлашини билдирди.
LiveБарчаси