Исроил кучлари Фаластиндаги қочқинлар лагерига бостириб кирди

Олам

image

Бугун, 3 июль куни эрталаб 200 дан ортиқ зирҳли техника, жумладан, бронетранспортёрлар ва танклар Исроил кучларининг махсус ҳарбий амалиёти доирасида Женин шаҳри ва шу номдаги Фаластин қочқинлари лагерига яқин ҳудудга бостириб кирди. Бу ҳақда “Al Arabiya” телеканали хабар берди.

Айтилишича, 3 июлга ўтар кечаси Исроил қуролли кучлари Женин ва унинг атрофидаги фаластинлик қочқинлар лагерига ракета зарбаларини берган. Орадан кўп ўтмай, исроиллик ҳарбийлар Женин шаҳрига кириб, лагерни ўраб олган, электр энергиясини узиб, унга олиб борадиган йўлларни кесиб ташлаган. Жароҳатланганлар учун тез ёрдам машиналари лагерга киритилмаган. Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, Исроил қўшинлари бошлаган махсус операция оқибатида беш фаластинлик ҳалок бўлган, камида 30 киши яраланган.

Фаластин Ташқи ишлар вазирлиги Женин ва унинг атрофидаги ҳарбий амалиёт оқибатлари учун Исроил расмийларини жавобгар, деб ҳисоблашини билдирган. Ташқи ишлар вазирлиги жаҳон ҳамжамиятини Жениндаги кескинликнинг кучайишини зудлик билан тўхтатиш чораларини кўришга, Халқаро жиноий судни эса жимликни тўхтатишга ва исроиллик ҳарбий жиноятчиларни жавобгарликка тортишга чақирган.

Миср Ташқи ишлар вазирлиги эса халқаро кучларни Исроил расмийлари томонидан қонунбузарликларга чек қўйиш учун вазиятга зудлик билан аралашишга чақирган. Худди шундай баёнот Иордания Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ҳам чиқарилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Фаластин Исроил Женин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг