АҚШ Исроилнинг Фаластиндаги қочқинлар лагерига бостириб киришини қўллашини билдирди
Олам
−
03 Июль 2023
7798Америка Қўшма Штатлари маъмурияти Исроилнинг Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида ўтказган махсус операциясини қўллаб қувватлайди. Бу ҳақда бугун, 3 июль куни Оқ уйнинг Миллий хавфсизлик кенгаши вакили маълум қилди.
Унинг айтишича, АҚШ Исроил томонидан амалга оширилаётган ҳаракатларни ўз хавфсизлиги ва халқини ҳимоя қилиш ҳуқуқи доирасида деб билади.
“Биз махсус операция ҳақидаги хабарларни кўрдик ва вазиятни диққат билан кузатмоқдамиз. Биз Исроилнинг ўз хавфсизлиги ва халқини ҲАМАС, Фаластин Исломий Жиҳоди ва бошқа террористик гуруҳлардан ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлаймиз”, деган Оқ уй вакили.
Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, Исроилнинг Женин шаҳрида ўтказган махсус амалиёти оқибатида 8 киши ҳалок бўлган, 50 га яқини яраланган, улардан камида 10 нафарининг аҳволи оғир.
Исроилнинг Кан радиостанцияси эса мазкур операциядан мақсад Ғарбий Соҳил шимолидаги “радикал”ларга қарши “Исроилнинг жиловини тиклаш” эканини хабар қилган. Шунингдек, Исроил ҳарбийлари Жениндаги масжиднинг ертўласини тинтув қилиб, у ерда қурол-яроғ ва портловчи моддалар топганини даъво қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 3 июлга ўтар кечаси Исроил қуролли кучлари Женин ва унга туташ фаластинлик қочқинлар лагерида кенг кўламли операция бошлаганди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15