Туркия Исроил билан барча иқтисодий алоқаларни узди
Олам
−
29 Август 2025 7228 2 дақиқа
Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан мамлакат Исроил билан барча иқтисодий ва савдо муносабатларини тўхтатгани ҳамда ўз ҳаво ҳудудини Исроил самолётлари учун ёпганини маълум қилди. Бу ҳақда у бугун, 29 август куни Ғазо бўйича парламентдаги навбатдан ташқари мажлисда айтди.
Фиданнинг сўзларига кўра, Исроил икки йилдан бери Ғазода “геноцид” содир этиш билан бир пайтда халқаро ҳуқуқни қасддан бузиб келмоқда. Туркия ўзига ҳамфикр бўлган давлатларни Исроилга қурол-яроғ етказиб беришни тўлиқ тўхтатиш ва савдони бутунлай узишга чақирмоқда.
Фидан Европа ва бошқа мамлакатларда ҳам жамоатчиликнинг Исроил сиёсатига қаршилиги кучайгани, ҳатто илгари Тель-Авивни қўллаб-қувватлаган айрим давлатлар энди икки давлатли ечим тарафдори бўлганини қайд этган.
Унинг таъкидлашича, Буюк Британия, Франция, Канада, Мальта, Янги Зеландия, Португалия ва Австралиянинг Фаластин давлатини тан олиш ниятида экани “халқаро дипломатияда тарихий бурилиш” саналади.
“Туркия дипломатияси ҳозир икки йўналишга қаратилган. Биринчиси – Ғазода давом этаётган уруш ва “геноцид”ни зудлик билан тўхтатиш ҳамда инсонпарварлик ёрдамини етказиш, иккинчиси – икки давлатли ечимни халқаро даражада мустаҳкамлаш ва уни тан олишга эришиш”, деган Хоқон Фидан.
Вазир, шунингдек, Туркия минтақада тинчликни илгари суришда етакчи давлатлар билан ҳамкорликни давом эттиришини ҳам айтиб ўтган.
Айтиш жоизки, анча вақтдан буён Туркия Ғазодаги вазиятни яхшилаш учун жон куйдирмоқда. Масалан, Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған деярли ҳар бир нутқида Ғазо масаласига алоҳида тўхтаталади. Жорий йилнинг 26 август куни Малазгирт ғалабасининг 954 йиллигига бағишланган тадбирда ҳам Эрдўған Ғазо ва Суриядаги воқеаларга тўхталиш қилди. Унга кўра, Туркия дипломатик хатлар, телефон мулоқотлари, халқаро алоқалар ва гуманитар ёрдам орқали Фаластин халқини қўллаб-қувватламоқда. Ғазога юборилган инсонпарварлик ёрдами ҳажми 102 минг тоннадан ошган. У Туркия Исроилнинг зулмига қарши Ғазодаги биродарларини ҳеч қачон ёлғиз қолдирмаслигини ҳам айтган. Қолаверса, яқинда Эрдўғаннинг аёли Эмина Эрдўған ҳам турмуш ўртоғидан илҳомланиб, АҚШ Президенти Дональд Трампнинг рафиқаси Мелания Трампга Ғазодаги вазият бўйича мактуб йўллади. У ўзининг хатида Ғазодаги гуманитар инқирозга ҳам худди Украинадаги урушга бўлгани каби эътибор қаратишни сўраган. Шу билан бирга, Эмина Эрдўган Меланиядан Россия Президентига хат йўллагани каби Исроил Бош вазирига ҳам мактуб йўллаши кераклигини айтган.
Live
Барчаси