Туркия Афғонистондаги ҳарбийларини олиб чиқишни бошлади
Олам
−
26 Август 2021
7228Туркия НАТОнинг ҳарбий миссияси дориасида Афғонистонга киритилган ҳарбий контингентини олиб чиқишни бошлади. Бу ҳақда Туркия Миллий мудофаа вазирлиги маълум қилди, дея хабар бермоқда "Anadolu" агентлиги.
Мудофаа вазирлиги Туркия ҳарбийлари 2002 йилдан буён Афғонистонда бўлиб тургани, БМТ ва НАТО миссиялари доирасида икки томонлама келишувларга мувофиқ берилган топшириқларни бажарганини эслатган.
“Туркия ҳарбийларининг саъй-ҳаракатлари Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган эди. АҚШ ва НАТОнинг Афғонистондан қўшинларини олиб чиқиш ҳақидаги баёнотидан сўнг, Туркия “афғон халқининг ўзи хоҳлаган тақдирда уларни қўллашда” давом этишини эълон қилди. Шу билан бирга, агар зарур шарт-шароитлар яратилса, турк ҳарбийлари сўнгги олти йил давомида амалга оширган Қобул халқаро аэропорти хавфсизлиги ва бошқарувини таъминлаш вазифасини давом эттириши мумкинлиги таъкидланди”, дейилади хабарда.
Туркия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, контингенти олиб чиқиш қарори вазиятни таҳлил қилиш асосида ва Афғонистон бўйича музокаралар ҳамда учрашувлар натижаларини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинган.
Мудофаа идораси Туркия ҳарбийлари бошқа давлатлар аскарлари билан биргаликда охирги кунлардаги бетартибликнинг олдини олгани ва Қобулдаги Ҳамид Карзай аэропорти ҳудудида хавфсизликни таъминлаганини таъкидлаган.
Шу билан бирга, сўнгги ҳафталарда Aфғонистондан 1129 турк фуқароси эвакуация қилинганлиги кўрсатилган.