Туркистон – Чимкент – Тошкент тезюрар темир йўли қурилади
Жамият
−
03 Ноябрь 2020
5339Аввалроқ, Қозоғистон Бош вазири ўринбосари Роман Скляр бошлиқ Ҳукумат делегацияси Ўзбекистонга келгани ҳақида хабар берган эдик.
Кеча, 2 ноябрь куни Қозоғистон Республикаси ҳукумати делегациясининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқовнинг Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Роман Скляр билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учашувда транспорт коммуникацияларини ривожлантиришда стратегик шерикликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг устувор аҳамияти алоҳида таъкидланди. Ҳаво йўллари орқали ташишнинг қайта тикланиши ижобий баҳоланди. Ўзбекистон ва Қозоғистон йирик шаҳарлари ўртасида халқаро автобус қатновларини йўлга қўйиш, Туркистон – Чимкент – Тошкент тезюрар темир йўли ҳамда “Учқудуқ – Қизилўрда” транспорт йўлаги қурилиши муҳокама қилинди.
Учрашув чоғида инвестициявий, савдо-иқтисодий, саноат, транспорт ва логистика соҳаларида кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда уни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Икки мамлакат ўртасидаги инвестициявий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини чуқурлаштириш бўйича ўзаро алоқаларнинг бориши атрофлича кўриб чиқилди - машинасозлик, агросаноат мажмуаси, чорвачилик, енгил, фармацевтика ва озиқ-овқат саноати соҳаларида ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича қўшма инвестициявий лойиҳалари сонини кўпайтириш бўйича кейинги қадамлар белгилаб олинди.
Музокаралар кун тартиби доирасида ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу нуқтаи назардан, “Марказий Осиё” Халқаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик марказини (ХСИҲМ) ташкил қилиш бўйича биргаликдаги амалий ишларни давом эттириш тўғрисида келишувга эришилди.
Шунингдек, товарларни узлуксиз етказиб бериш, транзит салоҳиятини ошириш ва ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида икки мамлакатнинг тегишли вазирликлари ва идоралари томонидан Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар Режасини ("Йўл харитаси") ўз вақтида ва тўлиқ амалга ошириш учун зарур чоралар кўришга келишиб олинди.
Учрашув якунлари бўйича ҳар икки мамлакат Бош вазирларининг ўринбосарлари якуний баённома, шунингдек, саноат кооперацияси соҳасида 22 та аниқ лойиҳаларни амалга оширишни таъминлашни назарда тутган Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар Режасини (“Йўл харитаси”) қабул қилдилар. Шунингдек, ушбу “Йўл харитаси” янги инвестиция лойиҳаларининг ишлаб чиқилишига қараб, уларни ўз ичига олиш ҳисобига доимий равишда янгиланиб турилишига келишиб олинди.
Имзоланган ҳужжатлар ижросинининг мунтазам мониторингини олиб борадиган ва уларнинг тўлиқ ижросини таъминлаш юзасидан аниқ таклифлар киритадиган қўшма ишчи гуруҳини тузиш тўғрисида келишувга эришилди.
LiveБарчаси