Тунда мажлисга чақирилган аёл Nexia босиб кетиши оқибатида вафот этди
3-саҳифа
−
22 Июль 2023
25224Самарқанд вилоятида тунда ҳокимият мажлисига чақирилган аёл Nexia босиб кетиши оқибатида вафот этди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Келтирилишича, воқеа жорий йилнинг 19 июль куни Пастдарғом туманида юз берган. Марҳума “Отарчи” маҳалласида оила ва хотин-қизлар фаоли бўлиб ишлаб келган. У ҳокимият йиғилишга бораётганида йўлнинг белгиланмаган қисмидан ўтган ва шу пайт Nexia русумли автомобиль ҳайдовчиси тезликни ошириб, йўлнинг чап қисмидан ўнг қисмига ўтаётган аёлни уриб юборган. Бунинг оқибатида аёл олган тан жароҳатлари сабаб ҳаётдан кўз юмган.
Марҳуманинг яқинларига кўра, ўша куни бемаврид вақтда аёл ҳокимлик биносига иш юзасидан йиғилишга чақирилган. Аёл ҳатто яқин қариндошининг тўйига ҳам бормасдан ҳисобот тайёрлаган ва шошиб уйидан чиқиб кетган. Аммо тунги соат 23:00 да аёл ҳақида шум хабар келган.
“Мазкур ҳолат юзасидан Пастдарғом тумани Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилган вазирлик хабарида.